Грециянинг Крит оролида ўтказилган Миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияси (МОҚА)нинг навбатдаги Бош Ассамблеяси ўз ишини якунлади. Ушбу Ассамблеяда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам қатнашди.

Икки кун давом этган Ассамблеянинг илк кунида Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, МОҚАнинг амалдаги раҳбари Робин Митчел ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Таъкидлаш жоиз, эпидемиологик вазият сабабли ушбу Ассамблеяда ташкилотга аъзо 205 давлатдан 155 таси онлайн иштирок этишди. Бу коронавирус пандемияси бошлангандан бери спорт ташкилотлари раҳбарларини бирлаштирган энг катта тадбир бўлиб турибди. Маросимда Томас Бах нутқ сўзлаб, ортда қолган Токио-2020 Олимпия ўйинларини муваффақияти ташкил этишга ёрдам берган Япония ҳукуматига Олимпия оиласи номидан миннатдорлик билдирди.

Режага кўра, Бош Ассамблея давомида коронавирус сабаб минтақаларда Олимпия ҳаракатини ривожлантириш йўлида юзага чиққан масалалар ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари ва янги стратегик режалар муҳокама қилинди.

Маълумот учун, МОҚА 1979-йилда жаҳондаги барча Олимпия қўмиталарининг қизиқишларини ўрганиш, манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган. Ташкилотнинг сўнгги Бош Ассамблеясига 2019-йил Қатарнинг Доҳа шаҳри мезбонлик қилган эди.
Қолаверса, тадбир давомида вакилларимиз Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, МОҚА раҳбари Робин Митчел ва ташкилот Бош котиби Гунилла Линдберг, Бутунжаҳон таеквондо WТ федерацияси президенти Чунгвон Чой, Халқаро камондон отиш федерацияси ва Туркия МОҚ президенти Угур Эрденер, Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси биринчи вице-президенти ва Украина МОҚ президенти Сергей Бубка, Россия Олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздняков ва бошқа бир қатор юқори мартабали раҳбарлар билан учрашиб, Ассамблеяда кўтарилган масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди ва келажакда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича суҳбат олиб боришди. Шунингдек, мутасаддиларимиз Ассамблеяда қатнашган МДҲ, Болтиқ бўйи ва Грузия мамлакатлари МОҚ раҳбарлари билан ҳам учрашиб, уларни 2-4-ноябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро Форумга таклиф этишди.
Якунда МОҚА раҳбариятига ташкилотнинг навбатдаги Бош Ассамблеяси муваффақиятли ўтгани, Греция МОҚ президенти Спирос Капралосга эса тадбирга юқори савияда мезбонлик қилгани учун МОҚ номидан миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари тақдим этилди. Учрашув давомида Ойбек Касимов Ўзбекистон МОҚ ушбу халқаро ташкилот билан чуқур дўстона алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдириб ўтди.






