Сербияда давом этаётган навбатдаги жаҳон чемпионатида Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси(АИБА) тизимида жорий этиладиган спортчилар қўмитасига номзодлар сайланади, дейилади "insidethegames" сайти хабарида.
АИБА президенти У.Кремлевнинг таъкидлашича, мазкур комиссия 27 нафар номдор спортчидан ташкил топади.
Комиссия аъзолари қаторидан жой олиш учун АИБА тизимидаги ҳар бир қитъавий конфедерация томонидан номзодлар тавсия этилган.
Айтиш лозимки, АИБА бошқарув органида овоз бериш ҳуқуқига эга бўладиган мақомга эга бўлиш мақсадида мазкур тузулмадан ўрин олиш учун дунёнинг бир қатор номдор боксчилари номзод сифатида кўрсатилган.
Эътиборлиси, ушбу комиссияга тавсия этилган номзодлар сафидан ўзбек боксининг ёрқин вакили, жаҳон ва олимпия ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов ҳам жой олган.
Шунингдек, қозоғистонлик Аблайхон Жусупов, покистонлик Авайса Али Хон, ҳиндистонлик Шиви Тапа, франциялик Софьен Умиха, украиналик Александр Хижняк, италиялик Азиз Аббас Мухийдин, испаниялик Габриэль Эскобар Маскунано, арманистонлик Ованнес Бачков, венгриялик Адам Хамори каби қатор таниқли боксчилар АИБАнинг спортчилар комиссиясига номзод сифатида кўрсатилган.
Овоз бериш жараёнлари ёпиқ тарзда ўтказилади. АИБА спортчилар комиссиясига киритиладиган 27 нафар чарм қўлқоп усталари номи эса Сербиядаги жаҳон чемпионати жараёнида эълон қилинади.






