АсосийЖАМИЯТ

Сурхондарёда 9 ойда қидирувга берилган 467 алимент тўловчи ота топилди

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармасининг навбатдаги матбуот анжумани бошқарма...

'Сурхондарёда 9 ойда қидирувга берилган 467 алимент тўловчи ота топилди'ning rasmi

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармасининг навбатдаги матбуот анжумани бошқарма ва ҳудудий бўлимларининг 9 ойлик фалолияти якунларига бағишланди.

Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этган анжуманда жорий йилнинг 9 ойида давлат ижрочилари иш юритувида бўлган жами 3 триллион 409 миллиард 408 миллион сўмлик 229 минг 787 та ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилиб, 2 триллион 726 миллиард 594,3 миллион сўмлик 152 минг 976 та ижро ҳужжати тугатилгани ёки 1 триллион 19 миллиард 137,8 миллион сўмлик 82 минг 395 та ижро ҳужжати ижроси таъминлангани қайд этилди.

Таъкидландики, МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида 22 мингга яқин алимент ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. 17 минг 110 нафар қарздорнинг мамлакатимиздан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган. Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаганлик учун 91 нафар алимент тўловчининг четга чиқиш ҳуқуқи тиклаб берилган.

Ҳисобот даврида белгиланган ундирувлардан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” махсус жамғармаларига 18 миллиард 403.5 миллион сўм йўналтирилди.

“E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдоси майдончаси орқали 13 миллиард 672 миллион сўмлик мол-мулк сотилган.

Бошқарманинг қидирув шўъбаси олиб борган тадбирлар чоғида 9 ойда қидирувда бўлган 803 нафар қарздорнинг 475 нафари, шундан 467 нафари алимент қарздорлари топилиб, улардан 368,7 миллион сўм алимент қарзлари ундирилди. Қидирувда бўлган 122 та автотранспорт воситасидан 96 таси топилиб, улар бўйича қарздорлардан жами55 миллиард 134,7 миллион сўм қарз, шу жумладан 36 миллард 850,8 миллион сўм солиқ қарзлари ундирилган.

Масалан, Бойсун туманида яшовчи А.Б. уч маротаба оила қуриб, биринчи оиласидан бир нафар, иккинчи ва учинчи оиласидан 2 нафардан фарзандни дунёга келтирган. Лекин, у фарзандларининг моддий таъминотига бефарқ бўлгани учун суд буйруқларига асосан алимент ундириш белгиланган. 

Шунга асосан Мажбурий ижро бюроси Бойсун туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, қарздор отанинг четга чиқиш ҳуқуқлари ва бошқа тақиқлар ўрнатилган. А.Б. алимент тўлашдан бўйин товлаб, номаълум тарафга кетиб қолгани учун унга 2020 йил февраль ойида қидриув эълон қилинган. 

Тошкент шаҳридан топилиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун Бюронинг туман бўлимига олиб келинган.Унинг бу қилмиши жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судида атрофлича кўриб чиқилиб, 58 миллион сўм алимент пулларини тўлашдан бош тортгани аниқланган. Суд қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Жорий йилнинг ўтган даврида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини ихтиёрий бажармаган 918 нафар шахс маъмурий, алимент тўлашдан бош тортган 32 шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Анжуманда суд қарорлари асосида фуқароларнинг иш ҳақи ва бошқа тўловлари билан боғлиқ ишлар ҳамда бошқа ижро ҳужжатлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

    Бошқа янгиликлар