Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги Комплаенс назорат бўлими бошлиғи Фаррух Аминов маълум қилди:
" - Мактабгача таълим тизимида рўй бераётган коррупцион ҳолатлар ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган ҳамда энг оғир гуноҳлардан биридир. Чунки тизимдаги коррупция бу гўдаклар ҳақига хиёнатдир, ҳаққини талаб қила олмайдиган ёш боланинг оғзидаги овқатини олиб қўйишдир", - дейди Вазирликнинг Комплаенс назорат бўлими бошлиғи.
Тизимда коррупцияга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг янгиланган тузилмасида (2021 йил 16 февралдаги 16-сонли буйруққа асосан) 3 нафар ходимдан иборат Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назоратини амалга ошириш бўлими жорий йилнинг апрель ойидан иш бошлаган.
Бўлим ходимлари олиб борилган ўрганишлар натижаларига кўра, 6 та ҳолатда аниқланган қонунбузилиш ва коррупцион ҳолатлар бўйича чора кўриш учун Бош прокуратурага ҳужжатлар тақдим этилган.
Мактабгача таълим тизимида фаолият юритган ҳамда коррупцияга мойиллиги бўлган 8 нафар ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Жумладан:
Бўлим ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар бўлими ва Янгийўл шаҳар ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир натижасида, фуқаро У.Солиевани тарбиячи ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилиш учун фуқаро У.Солиевадан 100 АҚШ долларини таъмагирлик йўли билан талаб қилиб, пулларни олаётган вақтда Янгийўл шаҳридаги 12-ДМТТ директори М.Очилова далилий ашё билан қўлга олиниб, ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек бўлим ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Наманган вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир натижасида, таъминотчи “Коробо” МЧЖ раҳбари А.Жўраевдан 14,8 млн. сўм ва 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтда далилий ашё билан ушланиб, ЖКнинг 214-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
" - Мактабгача таълим тизими тарбияланувчилар, ҳудуд ва ходимлар жиҳатидан жуда кенг ва катталигини инобатга олган ҳолда фақатгина бир бўлим ҳаракатлари орқали бутун тизимни коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш жуда мушкул. Шу сабабли бугунги эфирдан фойдаланган ҳолда тизимда жамоавий назоратни янада кенгайтиришни, тизимда коррупцион ҳолатларга дуч келинганида @antikorr_mdo телеграм каналига ёки 71 207-04-08 (830 ва 828 ички) рақамларига мурожаат қилишларини сўраб қолар эдим", - дейди Фаррух Аминов.






