Айни дамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Унда депутатлар “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишмоқда.
Мажлисда таъкидланишича, Ўзбекистонда инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан ошириш, тиббиёт муассасаларининг ресурслар салоҳиятини яхшилаш, соҳани ислоҳ қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар туфайли бугун соҳада кўплаб ижобий ўзгаришларга эришиляпти. Хусусан, республика марказларида қилинадиган операциялар тури 350 тага, вилоят марказларида 130, туман шифохоналарида 60 тага етган, 32 та шифохонада эндоваскуляр хирургия бўлимлари ташкил этилган.






