Шу кунларда Латвиянинг Рига шаҳрида шахмат бўйича нуфузли “Grand Swiss Tournament” халқаро турнири давом этмоқда.
Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, кеча, 1 ноябрь куни мусобақанинг 5-тур ўйинлари ўтказилди. Унда ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда ФИДЕ рейтингида ўзидан бир мунча юқори пағонада бўлган мезбонлар вакили – Никита Мешковни мағлуб этди.
Қолган шахматчиларимиз кечаги баҳсларда дурангга эришди. Хусусан, Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳаракат қилган бўлишига қарамай россиялик Даниил Дубов билан муроса йўлини танлади. Жавоҳир Синдаров қора доналарда хитойлик Жианчао Жоу билан дурангга эришди. Нодирбек Ёқуббоев эса украиналик Павел Элжанов билан ярим очкодан бўлишди.

5-турдан сўнг Н.Абдусатторовда 3 очко, Н.Ёқуббоевда 2,5 очко, Ж.Синдаров ҳисобида 2 очко мавжуд. Шамсиддин Воҳидов бўлса ушбу турдаги муваффақияти эвазига 1,5 очко билан турнирдаги мавқеини яхшилашга эришди.
Мукофот жамғармаси 425 минг доллар бўлган мазкур турнир жорий йилнинг 8 ноябрига қадар давом этади. Мусобақанинг 6-тур ўйинлари олдинда эканлигини эътиборга олсак, вакилларимизда ҳали имконият бор.
Мазкур нуфузли мусобақанинг баҳслари адолатли ўтишида ҳамюртимиз, Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ҳусан Турдалиев ҳакам сифатида иштирок этмоқда.






