Ургутда аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан заҳарланиб, вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Маълум қилишича, 29 октябрь куни соат 12:30 ларда Ургут тумани «Чумчуқли» маҳалласида яшовчи 38 ёшли Н.О. ҳамда унинг 11, 9 ва 5 ёшли фарзандлари қариндошлари томонидан уйидан қўлбола усулда ясалган печкадан сизиб чиққан ис газидан заҳарланган ҳолда топилган.
Заҳарланиш оқибатида Н.О. ва унинг фарзандлари 11 ва 5 ёшли ўғил-қиз фарзанди ҳодиса жойида вафот этган. 9 ёшли ўғли эса шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан 29 октябрь кунинг туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.






