Тожикистоннинг ШҲТга раислиги якунлари ва ташкилотнинг ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров ШҲТ 2021 саммити якунларига бағишланган “ШҲТ 2021 саммити: Тожикистон Республикаси раислиги якунлари ва ташкилотни янада ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди. Тадбир 2021 йилнинг 2 ноябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтди ва Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви Академияси кўмагида Тожикистондаги ШҲТ Дўстлик ва ҳамкорлик маркази томонидан ташкил этилди.
Ушбу тадбирдан мақсад ШҲТнинг юбилей йили якунларини умумлаштириш, Марказ шериклари билан ҳамкорлик, Саммитда қабул қилинган ҳужжатлар тўплами ва ШҲТга аъзо давлатларнинг янги ташаббусларини таҳлил қилиш, шунингдек, халқ дипломатияси институтларининг ташкилотни ривожлантиришдаги, жумладан, ШҲТнинг йигирма йиллиги Душанбе Декларацияси тамойилларини амалга оширишдагикўмаги юзасидан фикр алмашишдан иборат бўлди.
Тадбирда ШҲТнинг Бош котиби, Хитой ШҲТнинг яхши қўшничилик, Дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси Бош котиби, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, "SCOLARNetwork" ШҲТдавлатлари ёшлар платформаси вакиллари, Россия, Хитойнинг етакчи экспертлари ва бошқалар иштирок этишди.
ШҲТнинг бош котиби Владимир Норов конференция иштирокчиларига мурожаатида Тожикистон раислигининг устувор вазифалари доирасида, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитларга қарамай, мамлакатларимиз ташқи сиёсатини мувофиқлаштиришни чуқурлаштириш, қўшма ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш, ШҲТнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш бўйича изчил йўл тутилганини таъкидлади. Ушбу мураккаб даврда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг минтақавий тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга муҳим эътибор қаратгани қайд этилди. В.Норов ШҲТда Тожикистоннинг раислиги юқори даражада ўтганлигини қайд этиб, Ўзбекистон Республикасига ушбу шарафли ва масъулиятли вазифани бажаришда улкан муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотинингХалқ дипломатияси маркази директори Қ.Собиров ШҲТнинг Душанбе саммити Ташкилот тарихида янги саҳифа очганини, бу - имзоланган улкан ҳужжатлар тўплами, жумладан, “ШҲТ оиласи”ни кенгайтириш йўлидаги келишувлар билан тасдиқланганини таъкидлади. Бу Эроннинг ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилиниши процедурасини бошлаш, шунингдек, Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига мулоқот бўйичаҳамкор мақомини бериш бўйича муҳим қарордир. Шундай қилиб, “ШҲТ оиласи” сезиларли даражада кенгайди ва энди у 21 давлатни ўз ичига олади, бу эса Ташкилотнинг очиқлик тамойилига қатъий амал қилиш ниятини яққол тасдиқлайди. Қ.Собиров Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигининг устувор йўналишларини таъкидлаб, давлатимиз раҳбари, Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари, жумладан, “ШҲТнингэзгу ният элчиси” институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи билан конференция қатнашчиларини батафсил таништирди.
Тожикистоннинг ШҲТда раислигининг самарали амалга оширилган устувор йўналишлари доирасида, айниқса, 2021 йилнинг февраль ойида Душанбе шаҳрида Тожикистон Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви Академиясида ШҲТ Дўстлик ва ҳамкорлик марказининг очилишини алоҳида таъкидлаш зарур. Тожикистон раҳбарининг ушбу ташаббуси ШҲТ ташкил этилганлигининг юбилей йилида муҳим воқеа бўлди ва ушбу мамлакатнинг аъзо давлатлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, “Шанхай руҳи”ни янада ривожлантириш, тинчлик, барқарорлик ва минтақавий хавфсизликни сақлашга қўшган салмоқли ҳиссаси бўлди.
Ҳозирда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ва Тожикистондаги ШҲТ Дўстлик ва ҳамкорлик маркази ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари 2021 йилнинг апрель ойида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида олиб борилмоқда.
Қ.Собировнинг Душанбега ташрифи чоғида бир қатор қўшма лойиҳалар, жумладан, ШҲТ Модели лойиҳасини амалга ошириш, қўшма конференция ва форумлар ўтказиш, шунингдек, икки мамлакат тарихи ва маданияти билан танишиш учун биргаликда китоблар нашр этиш батафсил муҳокама қилинди. Маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги долзарб масалалар бўйича қўшма илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўтган йиллар мобайнида ШҲТ жаҳон сиёсатининг муҳим субъектига айланди, нуфузли халқаро тузилмалар орасида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. “Шанхай руҳи” тамойилларига асосланган минтақавий ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. Душанбеда ўтган бу тадбир бунинг яна бир ёрқин далили бўлди.






