Хабарингиз бор, 4 ноябрь куни Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келди. Шу билан бирга баъзи туманларда ғайриоддий қум бўрони кузатилди.
Шу ўринда, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бундай чангли об-ҳаво барчани ташвишга солиш кераклигини айтиб, аҳолини бирдамликка чақирди.
"Keчадан буён кузатилаётган ғайриоддий чанг-қумли бўрон ҳар бир раҳбарни, ҳар бир юрт фуқаросини ташвишга солиши керак",-дейди ҳоким.
"Президентимиз 2 ноябрь куни ўтказган йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига старт берганликлари ҳам бежиз эмас.
Иқлим ўзгариши 2000 йиллардан сўнг кўплаб давлатларни ташвишга солган бўлса, охирги 10 йилликда бутун дунё давлатларининг ташвишига айланди.
Бу каби синовли кунлар ҳар дақиқани қадрига етишга, она табиатни асрашга ундайди. Бу каби ишлар вилоятимизда бошлаб юборилди. Аммо, бу ишлар баҳор ойларигача давом этиши, инсониятга фойда келтирадиган даражада маконимизни яшилликка буркаш тарафдориман.
Шу муносабат билан, вилоятимиздаги барча раҳбарларни, тадбиркорларни, кекса-ю ёшни, фаол ва масъулиятли фуқароларни ушбу умуммиллий лойиҳа атрофида бирлашишга, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофи ва ҳовлисига дарахт кўчатлари экишга чақираман.
Бу каби эзгу ишлар фақат ва фақат келажакда турли касалликларни олди олинишига, фарзандларимиз соғлом бўлишига хизмат қилишига ишонаман"-дейди Зойир Мирзаев.






