Бугун, 8 ноябрь куни Х Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигига старт берилди. Ҳафталикнинг тантанали очилиш маросими бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларида ташкил этилди.
Бу ҳақда АОКА хабар бермоқда. Қайд этилишича, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган тадбирда соҳа мутахассислари, олимлар, таниқли адиблар, адабиётшунослар, журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.
Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ҳам сўзга чиқди.

"Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича белгилаб берилган муҳим вазифалар бугунги кунда умуммиллий ҳаракатга айланиб бормоқда", — дея таъкидлади АОКА раҳбари.
"Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқиляпти, китоб тарғиботи орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш, китобхонлик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, миллий ва халқаро танловлар, кўргазма-ярмарка ва бошқа оммавий тадбирларни ташкил этилмоқда. Мазкур ҳафталик ҳам ахборот-кутубхона фаолияти соҳасини янада ривожлантириш, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишда янги технологияларни кенг жорий этиш билан боғлиқ кўплаб масалалар ечимини топишда ўзига хос ахборий платформа вазифасини бажаради, деб ишонаман", — дейди Асаджон Ходжаев.
Тадбирда шунингдек, навоийшунос олим, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Абдулла Аъзам, профессор Абдусалом Умаров, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Алпарслон Акинжи ва бошқалар китобхонлик ҳафталигининг аҳамияти хусусида ўз фикрларини билдиришган.

Таъкидланишича, китобхонлик ҳафталиги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ахборот-кутубхона марказларида бўлиб ўтади. Ҳафталик доирасида китоб тақдимотлари, илм-фан, маданият ва жамоат арбоблари иштирокида ижодий учрашувлар, мутахассислар учун ахборот-кутубхона тизимини такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар мазмунини ўрганишга доир семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, дастурий маҳсулотлар тақдимотларидан иборат 45га яқин тадбир ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳафталик 12 ноябрга қадар давом этади.






