АсосийJamiyat

ЙТҲда вафот этган 3 нафар банк ходими дам олиш куни ишга жалб қилингани айтилмоқда

'ЙТҲда вафот этган 3 нафар банк ходими дам олиш куни ишга жалб қилингани айтилмоқда'ning rasmi

6 ноябрь куни Навоийда автоҳалокат оқибатида 8 киши ҳалок бўлгани, уларнинг 3 нафари Халқ банкининг Нурота филиали ходимлари экани айтилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Инсайдерларга кўра, шанба куни эрталабдан вилоят филиалидаги норасмий йиғилишга чақирилган. Лекин, ўртада бирор-бир расмий хат ёки дам олиш куни ишга чиқиш ва меҳнат мажбуриятлари билан шуғулланиш ҳақида буйруқ ёки қарор бўлмаган.

"Халқ банки" матбуот котиби  ўз саҳифасида марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, аммо ижтимоий тармоқларда бўлаётган муҳокамаларга ойдинлик киритувчи ҳеч қандай изоҳ келтирмаган эди. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан Навоий вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари бошланди. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, 8 кишининг ҳалок бўлишига олиб келган ушбу ЙТҲ қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган иккита Nexia тўқнашуви оқибатида юз берган. Машиналарнинг бири йўл четига ағдарилган, иккинчиси эса ёниб кетган.

Автоҳалокат оқибатида "Халқ банки" Нурота туман филиалининг бошқарувчиси Т.П. (29 ёш), бош ҳисобчиси М.С. (40 ёш) ҳамда мониторинг бўлими бошлиғи Ю.Р. (32 ёш) воқеа жойида вафот этган. Ёниб кетган машинада 5 киши бўлган ва улар ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган.

 

    Бошқа янгиликлар