АсосийJamiyat

Президент туман ва шаҳарлардаги тиббий хизматлар, шифокорлар малакаси билан боғлиқ муаммоларни очиқ айтди

'Президент туман ва шаҳарлардаги тиббий хизматлар, шифокорлар малакаси билан боғлиқ муаммоларни очиқ айтди'ning rasmi

Президент раислигидаги видеоселектор йиғилиши бошланди. Президент Матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Давлат раҳбари йиғилиш кун тартибидаги масалаларнинг аҳамиятига тўхталди:

"Халқимизнинг соғлиғи, оналар ва болалар, нуронийларнинг саломатлиги ҳеч нарса билан ўлчанмайдиган энг бебаҳо бойлигимиздир.

Шунинг учун ислоҳотларимизнинг бош мезони бўлган “Инсон қадри учун” тамойилининг муҳим бўғинларидан бири  ҳам барча учун сифатли тиббий хизматлар олишга имконият ва шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Очиқ айтиш керак, туман ва шаҳарларда ихтисослашган, юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш, шифокорлар малакаси билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳали ўз ечимини топгани йўқ.

Ислоҳотларимизнинг келгуси беш йиллик дастурини ишлаб чиқиш жараёнида сайловолди учрашувлари доирасида бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик.  

Шу боис, сайловолди дастурда тиббиётни халқимизни рози қиладиган тизимга айлантириш бўйича катта марраларни белгилаб олдик" - деган Президент.

 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Президент кардиология соҳасидаги муаммоли масалалар тўғрисида қуйидаги фактларни келтирган:

"30-70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи ҳанузгача юрак-қон томир касалликларига тўғри келмоқда.  

Сўнгги беш йилда юрак-қон томир касалликлари 20 фоизга, ҳатто ёшлар орасида ҳам кўпайган.

40 ёшдан юқори аҳолининг 20-25 фоизида гипертония аломатлари мавжуд.  

Умуман, ўтказилган хатловлар натижасига кўра, республика бўйича 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этади.

Айниқса, бундай касалликларга чалинган аҳоли сони Наманганда – 18 фоиз (450 минг нафар), Фарғонада – 17 фоиз (600 минг), Бухорода – 14 фоиз (230 минг), Қашқадарёда – 13 фоиз (470 минг)ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори.  

Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратлари қолган ҳудудларга нисбатан баланд".

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар