АсосийJamiyat

Бўстонлиқда Марказий Осиёлик қизлар учун минтақавий ўқув лагери ўтказилмоқда

'Бўстонлиқда Марказий Осиёлик қизлар учун минтақавий ўқув лагери ўтказилмоқда'ning rasmi

10-12 ноябрь кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти шафелигида Марказий Осиёда қизлар учун етакчилик, мураббийлик ва гендер тенглиги бўйича минтақавий ўқув лагери ўтказилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.

 Тадбир Олий Мажлиси Сенати ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан БМТ Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ва «БМТ-Аёллар» ташкилоти кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 30 нафардан ортиқ қизлар иштирок этмоқда. Ўқув лагери Марказий Осиё давлатларидан келган қизлар ва истиқболли кадрлар салоҳиятини ошириш, уларда давлат ва жамият ҳаётида янада фаол иштирок этиш учун етакчилик фазилатларини ривожлантиришга қаратилган. Ўқув машғулотларининг ўтказилиши минтақада аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, қизларнинг касбий маҳорати ва етакчилик қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Сенат Раиси, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти Раиси Танзила Нарбаева ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Матилда Димовска тадбирни қутлов сўзлари билан очиб бердилар.

Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти Раиси Т.Нарбаева ўз нутқида ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш, минтақа давлатлари қизлари ўртасида минтақавий ва икки томонлама формат миқёсида алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш Ўзбекистон томонининг Мулоқотда раислиги доирасида устувор йўналишларидан бири сифатида ҳисобланишини таъкидлади. “Биз сизларга ишонамиз ва минтақадаги барқарор ривожланиш жараёнларига ҳиссангизни қўшиш, сиёсат, иқтисодиёт, таълим, фан соҳаларида ўз салоҳиятингизни рўёбга чиқаришга кўмаклашамиз, долзарб экологик муаммолар ечимини топиш, тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва шериклик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларингиз ва интилишларингизни қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Т.Нарбаева.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Матилда Димовска тадбир очилишида сўзга чиқиб, бўлажак етакчи аёлларни тайёрлаш, уларнинг етакчилик маҳоратини ошириш, жаҳон билимлари ва амалиётидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Бу эса ўз навбатида Марказий Осиё мамлакатларининг ижтимоий, сиёсий, илмий ва ишбилармонлик ҳаётида хотин-қизлар ролини оширишга хизмат қилади. “Минтақа мамлакатлари иқлим ўзгаришидан тортиб, иқтисодиёт ва жамиятни тиклашгача бўлган барча соҳалардаги ҳаётий муаммоларни енгиш учун аёллар етакчилиги, хотин-қизларнинг кўникма ва истеъдодига муҳтождирлар”, – деди M.Димовска.

Ўқув лагерида Марказий Осиё мамлакатлари жамият ва давлат ҳаётида аёллар ролининг ривожи муҳокама қилинди, гендер тенглигини таъминлашга қаратилган халқаро нормалар, шунингдек, “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” глобал кун тартибининг долзарблиги ҳақида маълумотлар тингланди.

Иштирокчиларга гендер тенглиги, қизлар етакчилиги ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, аёллар ва қизларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, тадбиркорлик асослари ва қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш каби мавзуларда тренинглар ўтказилди.

Тадбир якунлари бўйича минтақавий ўқув лагери иштирокчиларининг Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти аъзоларига Мурожаатномаси қабул қилиниши кутилмоқда. Ушбу ҳужжатга Марказий Осиё давлатларидан келган қизларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, касбий маҳорат ва етакчилик фазилатларини ривожлантириш, уларнинг турли соҳаларда имкониятларини кенгайтириш бўйича таклифлар киритилади.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар