Президентимизнинг тегишли фармони билан Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган Беҳзод Анварович Мусаев Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар қилди.
Беҳзод Мусаев 1973 йилда туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2004 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди.
У меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида бошлаган. 1998-2002 йилларда Молия вазирлигида ижтимоий соҳани молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғи каби масъул лавозимларда ишлаган.
2002 йилда Ҳисоб палатасида фаолият кўрсатиб, 2006-2010 йилларда Ҳисоб палатаси раиси бўлган.
Б. Мусаев 2010 йилда Давлат солиқ қўмитасидаги фаолиятини бошлаган. 2010-2011 йилларда ва 2018 йилнинг мартидан декабригача бўлган муддатда ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари, 2018 йил декабридан қўмита раиси лавозимларида ишлаган.
2020 йилнинг майида Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. 2020 йил ёзида бир муддат Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини ҳам бажариб турган.
Соғлиқни сақлаш тизимида ҳамма учун таниш бўлган Беҳзод Мусаев бир ярим йил давомида тиббиёт соҳаси вакиллари билан яқин ҳамкорликда фаолият юритиб келган.






