АсосийMadaniyat

Туркияда ўзбек киносаноатидаги ислоҳотлар ҳақида тақдимот бўлиб ўтди

'Туркияда ўзбек киносаноатидаги ислоҳотлар ҳақида тақдимот бўлиб ўтди'ning rasmi

Истанбулда Турк дунёси биринчи халқаро киноконференцияда Ўзбекистон киносаноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдимоти бўлиб ўтди. Конференция "Коркут ота" Туркий мамлакатлар кинофестивали доирасида ўтказилди. Унда ўзбек киносидаги бугунги натижалар ва ислоҳотлар ҳақида тақдимот ўтказилди.  

Шунингдек, Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Ахмет Мисбах "Коркут Атa” фестивали бошқа туркий давлатларда ҳам ўтказилишини маълум қилди:

-  Туркий давлатлар билан ҳамкорлигимиз, кино орқали ўрнатаётган муносабатларимиз янада мустаҳкам бўлади албатта.  Ўзбек киноси ва кино ижодкорлари  ҳақиқатдан ҳам кучли ва  ўзбеклар кинофильмларни жуда  ажойиб ишлашади, биз сизни олқишлаймиз.  Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Тошкент каби шаҳарларига борганмиз.  Ватанингизга муҳаббатимиз бошқача. Ўзбек киносининг кучли эканлиги бизни жуда қувонтирди.  Барча актёрларимизни, продюсерларимизни Ўзбекистон киноси лол қолдирмоқда.

Озарбайжон кинематография департаменти раҳбари Руфат Гасанов ҳам кинофестиваль ҳақида ўз фикрларини билдирди:

– Бир ой аввал биз Ўзбекистонда катта делегация билан “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалида бўлдик. Мукофот ҳам олдик. Кинематография агентлиги билан “Хўжа Насриддин” кинолойиҳаси юзасидан ўзаро ҳамкорликдаги меморандумни ҳам имзоладик. Бу лойиҳанинг муаллифи Озарбайжон халқ артисти Вагиф Мустафаев. Умид қиламизки, бу лойиҳа нафақат Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида, балки бутун туркий давлатлар ўртасидаги қалдирғоч бўлади.  

Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори:

– Туркий давлатларнинг мазкур кинофестивалида ўзбек киноижодкорлари делегацияси фаол иштирок этмоқда. Биз шунчаки бу жараённинг томошабини эмас, балким фаол иштирокчиси бўлдик. Алоҳида таъкидлаш керакки, бундай фестиваллар Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа  мамлакатларда ҳам ўтказилиши қувонарли.

Ўзбекистон киносаноати, ВГИК филиалининг очилиши, киномузей ва кинофонднинг очилиши ва бошқа янгиликларни, шунингдек, афсонавий “Ўзбекфильм” киностудиясининг реконструкция қилингани ҳамда бошка мухим маълумотлар фестиваль иштирокчиларида жуда катта қизиқиш уйғотди.

Эслатиб ўтамиз, Туркияда ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтмоқда. Унда Рашид Маликовнинг "Тутқунлик" фильми намойиш этилмоқда. Шунингдек, "Илҳақ" ҳамда "Халқ жасорати" фильмлари Туркия телеканалларида эфирга узатилади.

    Бошқа янгиликлар