Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Оқтош қишлоғида 56 туп дарахтлар ноқонуний равишда кесиб ташланиб, ўсимлик дунёсига 288 млн 792 минг сўм миқдорда зарар етказилгани ҳақида хабарлар талқалди. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳолатни расмийлаштириб, қонуний баҳо бериш учун ҳужжатларни прокуратура органларига тақдим этгани ҳақида маълум қилди.
"Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ тумани инспекцияси ходимилари томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари давомида ҳудудда ўсиш ҳолатида бўлган жами 56 туп, шундан, 53 туп шумтол, 2 туп бақатерак, 1 туп қизил дўлана дарахтлари ноқонуний равишда кесилганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан холис гувоҳлар иштирокида белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Номаълум шахcларнинг ғайриқонуний ҳатти-ҳарракатлари натижасида ўсимлик дунёсига 288 млн 792 минг сўм миқдорда зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун прокуратура органларига тақдим этилди", - дейилган расмий муносабатда.
Шундан сўнг ҳолат юзасидан Бош прокуратура Матбуот хизмати маълумот тақдим этди. Келтирилишича, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Оқтош қишлоғи ҳудудида кўп йиллик дарахтлар ноқонуний кесилганлиги (Ўсимлик дунёсига 288 млн.сўм зарар етказилган) ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.






