Тошкент вилоятининг Паркент тумани “Заркент” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Абдумаликовлар хонадонида бир йўла 3 нафар ўғил эгизак фарзанд дунёга келди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га ДХА Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Эркин Дорипов хабар берди.
Маълум қилинишича, эгизаклар 2021 йил 1 ноябрь куни дунёга келган, уларга Миршавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйишган. Эгизакларнинг отаси Жаҳонгир Абдумаликовнинг айтишича, бундан аввал уларнинг бир қиз ва бир ўғил фарзанди бўлган. Эндиликда оиланинг фарзандлари сони 5 нафарга етди.
Паркент туман ФҲДЁ бўлими мудираси Севара Мўминова чақалоқларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини эгизакларнинг отаси Жаҳонгир Абдумаликовга топширди. Унинг маълум қилишича, 2021 йилнинг февраль ойида ҳам туманда 3 нафар эгизак дунёга келган.

Маълумот учун: жорий йилнинг шу кунига қадар Тошкент вилоятида 65 минг 257 нафар бола дунёга келган бўлиб, уч эгизакнинг туғилиши 5 маротаба қайд этилган. Уларга асосан Ҳасан, Ҳусан, Фотима, Зуҳра каби исмлар қўйилган.






