Париж шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференсиясининг 41-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов умумсиёсий дебатларда нутқ сўзлади.
Тадбирда ЮНЕСКО раҳбарияти, Бош конференсия ва Ижроия кенгаши таркиби ҳамда Ташкилотга аъзо давлатлар делегациялари иштирок этишди.


Ўзбекистон томон Президент Ш.М.Мирзиёев номидан ЮНЕСКО Бош директори Одри Азулени иккинчи муддатга сайлангани билан самимий қутлади. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда ЮНЕСКО ваколатига кирувчи соҳаларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Маданият, таълим, фан ва ахборот соҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш, Жаҳон мероси обектларининг 3Д нусхаларини яратиш учун замонавий рақамли технологияларни жорий этишни йўлга қўйиш, Президентнинг таълим соҳасида “Янги Ўзбекистон” ва илм-фан соҳасида “Учинчи Ренессанс” кенг кўламли дастурларини амалга ошириш каби жиҳатлар алоҳида қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги кейинги йилларда мустаҳкамланган ўзаро муносабатлар масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўзбекистон ҳукуматининг ЮНЕСКО ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, “Хива жараёни” платформасини ишга тушириш, мактабгача таълим соҳасида Глобал форум ўтказиш ва ЮНЕСКО доирасидаги Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллигини нишонлаш бўйича республика ташаббусларини илгари суриш тарафдори эканлигинини билдирилди.
ЮНЕСКО билан ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича истиқболдаги режаларга мувофиқ, республика аъзоликка ўз номзодини кўрсатган Ижроия кенгаши ва Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмита фаолиятида Ўзбекистоннинг иштирокини ошириш, “Бахши санъати” ва “Ипак йўлинг Зарафшон-Қайроққум йўлаги” тегишли рўйхатларга киритиш, Халқаро ахборотдан фойдаланиш кунини нишонлаш бўйича глобал конференсия ташкил этиш, шунингдек, универсал кириш, биохилма-хиллик ва геопаркларни тарғиб қилиш каби йўналишларга эътибор қаратилмоқда.
Умумсиёсий дебатларда 50 га яқин давлат делегацияси раҳбарлари, жумладан, ташқи ишлар, таълим, маданият, фан ва спорт вазирлари маъруза қилишди. Делегатлар ўз маърузаларида ЮНЕСКО фаолиятининг турли жиҳатларига тўхталиб ўтишди. Ташкилотга аъзо мамлакатлар ва ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. ЮНЕСКOнинг ўз ваколатлари доирасидаги асосий йўналишларини илгари суриш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.






