Эндиликда ҳафтанинг шанба, якшанба кунлари “Тошкент-Бухоро-Тошкент” йўналишида 770/769-сонли “Афросиёб” замонавий поездларининг қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ йўловчиларнинг замонавий поездларга бўлган талабини тўла қондириш, бундан ташқари ички туризмни ривожлантиришда қўшимча имкониятлар яратиш мақсад қилган.
Ҳаракат жадвалига кўра, 2021 йил 13 ноябрдан бошлаб, шанба ва якшанба кунлари соат 09:02 да Тошкент марказий темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга оширадиган 770-сонли “Афросиёб” замонавий поезди Самарқанд, Навоий темир йўл вокзалларида ҳам тўхтаб ўтиб, соат 12:47 да Бухоро 1 темир йўл вокзалига етиб боради.
“Афросиёб” замонавий поезди ушбу кунларда соат 15:02 да Бухоро 1 темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга ошириб, соат 18:50 да Тошкент марказий темир йўл вокзалига кириб келади.






