АсосийJinoyat

“Жажжи болажондан ёрдамларингни аяманглар...” Тошкентда телеграм орқали турли исмли одамларни бемор сифатида кўрсатиб, пул ишлаган шифокорга суд ҳукми ўқилди

'“Жажжи болажондан ёрдамларингни аяманглар...” Тошкентда телеграм орқали турли исмли одамларни бемор сифатида кўрсатиб, пул ишлаган шифокорга суд ҳукми ўқилди'ning rasmi

Тошкентда ўзгаларни касал деб хабар тарқатиб, пул маблағларини ўзлаштирган шифокорга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси Зохиддин Нуриддинов маълум қилди. 

Нилуфар Равшанова (исми-шарифлар ўзгартирилган) тиббиёт йшналишида таҳсил олади, аниқроғи 2-курс талабаси, кўп тармоқли поликлиникада эндокринолог шифокор вазифасида ишлаб келган. У бел оғритмай пул топиш мақсадида компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда “Маъмурова Гулнора ёрдамга мухтож, ҳозирда унинг иккала бўйраги ишламаяпти. Буйрак кўчириб ўтказиш операцияси учун 25.000 АҚШ доллари керак”, деган мазмунда ёлғон эълон бериб, эълон тагига ўзига тегишли бўлган пластик карта рақамини ёзади. Ушбу эълонни бир неча телеграм гуруҳларига тарқатади. Натижада ушбу ёлғон маълумотга ишонган Ашурова Солиҳа томонидан мазкур пластик картага 1.000.000 сўм миқдорида пул ўтказилади. Нилуфар Равшанова бу пулларни ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборади. Унга пул топишнинг бу осон йўли ёқиб қолиб, жиноий ҳаракатини давом эттиради.

Судланувчи Нилуфар Равшанова суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагиларни маълум қилди:

— “Инстаграм”да россиялик “Николай” исмли боланинг бош мия ўсимтаси касаллиги билан касалланганлиги учун унинг ота-онаси томонидан ушбу болани даволаш мақсадида маълум миқдордаги пул маблағлари сўраб, мурожаат қилган эълонини кўриб қолдим. Эълонни ўқигач, менда шу йўл билан пул топиш фикри туғилди. Шундан кейин “Николай” исмли боланинг расмларини кўчириб олиб, суратлар остига “Каримов Алижон 22.11.2016. Ўткир промелотситик лейкемия касаллигига чалинган. Доктор билан ҳисоб китоб қилинди, 10.000 АҚШ доллари кетишини маълум бўлди. Кунлик муолажа харажатлари 3.000.000 сўм атрофида. Сиз азиз саховатпеша халқимиздан ёрдам сўраб, мурожаат қиляпмиз. Кимнинг қурби етса, озми-кўпми, шу жажжи болажондан ёрдамларингни аямасанглар. Етарли маблағ йиғилмаса, бола нобуд бўлиши мумкин. Бизлардан қайтмаса, Аллоҳдан қайтсин, яхши инсонлардан Аллоҳ рози бўлсин”, деган ёзувларни ёздим. Тагига ўзимга тегишли бўлган пластик карта рақамларини қўйиб, бир неча телеграм гуруҳларига тарқатиб юбордим. Шундан сўнг пластик картамга менга номаълум бўлган шахслар томонидан пуллар келиб туша бошлади. Бундан ташқари, телеграмдаги гуруҳларда яна икки нафар бемор бола учун пул маблағлари йиғилаётган эълонларни кўриб қолдим. Ушбу болаларнинг расмлари, касаллик тарихидан кўчирмаларни ҳамда эълон остида ёрдам сўралган мазмундаги ёзувларни кўчириб олиб, ушбу эълон тагига ўзимнинг банк пластик карта рақамини қўйдим. Ушбу эълонларни ҳам телеграмдаги гуруҳларга тарқатиб юбордим. Кейинчалик мен тарқатган эълонлар бошқалар томонидан ҳам ҳар хил гуруҳларга тарқалди. Мазкур пластик картага келиб тушган жами 1.500.000 сўм пулларни нақдлаштириб, “Инсулин” дорисини сотиб олиб, ўзимни даволаш учун сарфладим. Чунки 15 йилдан буён “Қандли диабет” ташхиси билан даволаниб, доимий равишда инсулин дориси қабул қилиб келаман. Ҳозирда картадан ечиб олган 1.500.000 сўм пулларни жабрланувчиларга тўлиқ қайтардим. Мазкур жиноятни бир ўзим содир этдим, шерикларим йўқ. Қилган ишимдан пушаймонман, бошқа бундай ҳолат такрорланмайди. Талаба эканлигимни, оилавий ва моддий шароитимни инобатга олиб, менга нисбатан енгилроқ жазо тайинлашингизни сўрайман.

Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар