АсосийСИËСАТ

Шавкат Мирзиёев саноат кооперациясини кучайтиришга чақирди (фото)

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь ку...

'Шавкат Мирзиёев саноат кооперациясини кучайтиришга чақирди (фото)'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида иштирок этди.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан тадбир Истанбулдан жануби-шарқда жойлашган ҳамда Туркия учун тарихий аҳамиятга эга бўлган Демократия ва эркинлик оролида бўлиб ўтди. Саммит ҳақида Президент Матбуот хизмати маълумот берди.

Кенгаш мажлисида, шунингдек, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан қатнашди.

Саммит кун тартибига мувофиқ, савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ва маданият соҳаларидаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев саноат кооперациясини кучайтиришга чақирди. Бу борада қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун аъзо давлатлардаги ихтисослашган ташкилотлар негизида Инжиниринг ва технологиялар марказлари ташкил этиш таклифи билдирилди. Келгуси йили Ўзбекистон Туркий давлатлар саноат ҳафталигини ўтказишга тайёр экани маълум қилинди.

Кенгашнинг мазкур саммити учун “Рақамли асрда яшил технологиялар ва “ақлли” шаҳарлар” мавзуси танланганини ҳисобга олиб, Президентимиз “ақлли” шаҳарларни яратишда тажриба алмашиш ва инновацияларни трансфер қилиш мақсадида экспертлар ва IT-мутахассислар учун доимий платформани ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бу борада илк қадам сифатида 2022 йилда экспертлар конференциясини ўтказиш таклиф қилинди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида иқлим ўзгариши, унинг Ташкилот мамлакатларига таъсирини юмшатиш масаласи ва Орол денгизининг қуриши келтириб чиқараётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Экологик ҳалокатларнинг салбий оқибатларини юмшатиш, улар тарқалишининг олдини олиш учун Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш, унинг қароргоҳини эса Оролбўйининг экологик фожиадан энг кўп жабр кўрган туманларидан бирида жойлаштириш ғоясини илгари сурди.

Ўзбекистон Президенти туризмни ривожлантириш мавзусига алоҳида урғу бериб, «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва тиклаш масалалари, соҳадаги ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини қамраб олган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Давлатимиз раҳбари бу галги саммит давомида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилингани учун миннатдорлик билдириб, ташкилотга аъзо мамлакатлар фондларида сақланаётган нодир асарларни тадқиқ ва таржима қилиш, уларнинг ягона электрон базасини яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Биргина Ўзбекистон фондларида ташкилот мамлакатларининг муштарак тарихи ва маданиятига алоқадор 200 мингдан ортиқ ноёб қўлёзма асарлар сақланмоқда. Шу муносабат билан Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

Саммит якунида ташкилотга раислик Озарбайжон Республикасига ўтиши ва Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди.

Давлат раҳбарлари 10 дан ортиқ ҳужжат - саммитнинг якуний декларациясини, “Туркий дунё нигоҳи - 2040” дастурий ҳужжати ва кун тартибига киритилган бошқа қарорларни имзоладилар.

    Бошқа янгиликлар