АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда III Тошкент халқаро биенналеси бўлиб ўтди

12-ноябр куни Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида III Тошкент амалий...

'Ўзбекистонда III Тошкент халқаро биенналеси бўлиб ўтди'ning rasmi

12-ноябр куни Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида III Тошкент амалий санъат халқаро биенналеси бўлиб ўтди. Тадбир 2021 йилнинг 8-13 ноябр кунлари “Замонавий амалий санъат: декор ва услуб” номи остида ўтказилди. Расмий ёпилиш маросимида Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 августдаги ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувида маданият, адабиёт ва санъат, тасвирий ва амалий санъат йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилганини таъкидлаган ҳолда биенналенинг мақсадига тўхталиб ўтди.

“III Тошкент амалий санъат халқаро биенналесининг асосий мақсади замонавий амалий санъатни жаҳон ҳамжамиятига намойиш қилиш орқали миллий қадриятларни асраш, турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек унутилган анъаналарни тиклашдан иборатдир”, - деди Азиз Абдуҳакимов.

Халқаро биенналеда Франсия, Италия, Швеция, Австралия, Кения, Япония, Хитой, Покистон, Туркия, Уммон, Эрон, Озарбойжон, Тожикистон, Қозоғистон, Беларус, Россия, Украина ва Болгария каби мамлакатлардан 60 дан зиёд амалий санъат усталари иштирок этишди. Ўзбекистон номидан 100 дан ортиқ ҳунарманд ўз санъат асарларини намойиш қилди.

Биеннале доирасида ўзбек ва хорижий декоратив санъати, миллий сопол маҳсулотлари, хаттотлик, миниатюра ишлари кўргазмалари, кулолчилик ва тасвирий санъат бўйича маҳорат дарслари, ёш дизайнерларнинг миллий ва замонавий либослар намойишлари ўтказилди.

Кўргазма Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар зали, Икуо Хираяма Халқаро маданий карвонсаройи, Тошкент фотография уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Тасвирий санъат галереясида ўтказилди.

Дастур доирасида хорижий амалий санъат усталари Самарқандга саёҳат қилишди ва ҳудуднинг маданий ҳамда туристик салоҳияти, шунингдек ўзбек халқининг турмуш тарзи, тарихи ва маданияти билан яқиндан танишишди.

Биенналенинг ҳакамлар хайъати таркибидан хорижий мамлакатларнинг нуфузли вакиллари – Озарбойжон Миллий фанлар академиясининг Санъат ва архитектура институти директори Эртегин Саломзода, Бутунроссия декоратив санъати музейи раҳбари Елена Титова, ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё бўйича халқаро эксперти Надежда Ждравкова ўрин олишди.

Ҳакамлар хайъати хулосасига кўра, қуйидагилар совринли ўринларни эгаллашди:

1-ўрин - Зарафшон Шакардодова, Дилмурод Шарипов (Тожикистон);

2-ўрин - Уболсин Дауленова (Қозоғистон);

3-ўрин - Ирина Лебедева (Россия).

Биеннале Гран-присига Ўзбекистон вакили – керамика санъати устаси Абдувоҳид Каримов муносиб кўрилди.

    Бошқа янгиликлар