Фарғона вилоятида журналист ва блогерлар учун медиа тур ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу медиа турнинг 2-кунида Бағдод тумани марказидан 12-13 км узоқликда жойлашган “Янги Гулистон” шаҳарчасида ташкиллаштирилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланиб, “Бағдод тажрибаси” сифатида эътироф этилган ушбу шаҳарчада қад ростлаган 61 та кўп қаватли турар-жой бинолари ҳамда маҳалла биноси, коворкинг маркази, маданият саройи, поликлиника, мактабгача таълим муассасаси, умумий ўрта таълим мактаби, спорт-соғломлаштириш ва кўплаб савдо мажмуалари пресс-тур иштирокчиларини эътиборсиз қолдирмади.








Восилжон НАЗАРОВ, Бағдод тумани ҳокими:
—Йилнинг бошида бу жойлар умуман фойдаланишга яроқсиз ер бўлган. Бошида бу ерга 50 та кўп қаватли яъни 5 қаватли 1 подездли 20 ҳонадонли жами 1000 та ҳонадон қуриш белгиланган эди. Шунда бош вилоят ҳокимимиз вилоят сектор раҳбарлари ташаббуси билан март ойида қурилиш бошлаб юборилди. Бошида 50 та мўлжалланган эди, лекин охирида жами 61 та яъни 1252 та ҳонадонли 61 та кўп қаватли уйлар қуриб битказилди. Алоҳида айтиб ўтиш керакки, бу шаҳарча 6 ойда қуриб битказилган.
Бундан ташқари, шаҳарча аҳолисининг бандлигини таъминлаш, улар учун реал даромад манбаларини яратишга алоҳида эътиборга олинди. Шу мақсадда, ёндош ҳудудда ҳар бири 10 сотихдан иборат 1 мингта иссиқхона барпо этилмоқда. Бу иссиқхоналарнинг 400 тадан зиёдроғи эгаларига топширилган ва улар ҳалол меҳнатлари эвазига етиштирилган дастлабки ҳосилдан миллионлаб даромад олишни бошладилар. Шунингдек, “Мурувват” кичик саноат зонасида ўнлаб янги тадбиркорлик лойиҳалари иш бошладики, натижада 280 дан ортиқ иш ўринлари яратилди. Буларнинг барчаси – инсон қадри улуғланган ислоҳотларнинг ҳаётий намунасидир.

Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар янги хонадон эгалари билан суҳбатлашдилар; маданият саройида санъатнинг турли йўналишларида ўз маҳоратини тоблаётган ёшларнинг ижодий машқларини кузатишди; кенг, ёруғ, замонавий мактаб ва боғчада яратилган шарт-шароитларни кўздан кечиришди; Ёшлар иссиқхона мажмуасида ёш деҳқонлар томонидан етиштирилаётган бодринг, қулупнай ва бошқа резаворлардан тотиниб кўришди; саноат зонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турига ва сифатига қизиқишди.











Дарахт экиб, боғ яратиш халқимиз турмуш тарзига хос бўлган миллий қадриятлардан бири. Хусусан, ушбу туманга ташриф давомида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ташаббуси билан “Томорқадан боққа” шиори остида ўтказилган кўчат экиш акциясида – мактабларнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари билан бирга ерларга ўтказилаётган кўчат экиш жараёнида медиа тур иштирокчилари ўз ҳиссаларини қўшишди. Акция давомида Гулистон шаҳарчаси ҳудудида 70 туп манзарали ва 60 туп мевали дарахт кўчатлари экилди.



Экспорт ҳажми ва иш ўрни тобора ортиб бораётган Қўқон эркин иқтисодий зонаси – медиа турнинг сўнгги манзили айнан шу ер бўлди. Бу ердан 10 ой давомида 44 млн АҚШ доллорлик қийматга эга маҳсулотлар экспорт қилинган. Иш ўрни ҳозир 5 минг нафар бўлиб, бу кўрсаткични йил оҳирида 6 мингга етказиш режалаштирилган.




Шунингдек, мазкур зона таркибидаги ишлаб чиқариш корҳоналарга ҳам саёҳат уюштирилди. Улардан бири йилига 70 минг дона велосипед ишлаб чиқарувчи корхона. Лойиха қиймати 3,4 млн. доллар. Ишчи ўрни эса 70 нафарни ташкил этади.





Эркаклар кўйлаклари ишлаб чиқариш қўшма корхонаси ҳам медиа тур доирасидан четда қолмади. Бу ерда йилига 1,2 млн дона Эркаклар кўйлаклари ишлаб чиқарилади. Лойиха қиймати 1,35 млн. доллар. Ишчи ўрни эса 275 нафар.


Шу билан Фарғона вилоятига уюштирилган медиа тур ўз ниҳоясига етиб журналистлар ўз манзилларига кузатиб қўйилди.

Мафтуна ЖЎРАЕВА тайёрлади






