АсосийJamiyat

Яккабоғдаги шифохонада бемор назоратсиз ҳолда ерда ётгани аниқланди

'Яккабоғдаги шифохонада бемор назоратсиз ҳолда ерда ётгани аниқланди'ning rasmi

Яккабоғдаги шифохонада назоратсиз ҳолда ерда ётган бемор билан боғлиқ вазият юзасидан Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари муносабат билдирилди.

Аниқланишича, 2021 йил 5 ноябрь куни маҳалла нозири томонидан чақириқ бўлиб,  “Тез тиббий ёрдам”  машинасида Учтепа қишлоғи атрофида катта йўл ёқасидан шахси номаълум бўлган ўта маст ҳолатдаги 55-58 ёшлар атрофидаги аёл киши қабулхона бўлимига олиб келинган ва қабулхонадаги кузатув хонасига ётқизилган.

Ўрганишлар давомида бемор қабул журналига ўз вақтида қайд этилмаганлиги, стандарт асосида текширувлар тўлиқ ўтказилмаганлиги, врач, ҳамшира ва орастабонлар томонидан доимий назоратга олинмаганлиги аниқланди.  

Бемор ўта маст бўлганлиги сабабли бир неча бор ўрнига қайта ётқизилишига қарамасдан каравотдан тушиб, ерга ётиб олган. Бўлим етарли даражада қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар билан таъминланган бўлса-да, бемор ётган хонадаги тўшак ва чойшаблар йиғиштириб, бир четга олиб қўйилган. Шунингдек, хонада санитария меъёрий қоидаларига риоя этилмаган.

7 ноябрь куни соат 01:30 атрофида бемор қўшимча касалликлари ва уларнинг асоратлари инобатга олиниб, шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ўтказилган.  

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан мазкур вазият юзасидан Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмасига тегишли тартибда тақдимнома киритилди.  

Йўл қўйган камчиликлари учун туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Сарвар Жўраевга Меҳнат кодексининг тегишли моддасига кўра ҳайфсан берилди.  

Шунингдек, тиббий кенгаш қарори ва туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи (в. б.)нинг буйруғига кўра Меҳнат кодексининг тегишли моддасига асосан йўл қўйган камчиликлари учун бир қатор масъул ходимларга интизомий жазо берилди.  

Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар