Тошкент вилояти Охангарон туманида 17 ноябрь, чоршанба куни «Nexia-3» чуқурга тушиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, А-373 Тошкент–Охангарон йўлида ҳаракатланиб кетаётган «Nexia-3» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида автомобиль йўлнинг ўнг томонидаги чуқурликка тушиб кетган. Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув қисмига мазкур ҳодиса юзасидан хабар келиб тушган.
Шундан сўнг қутқарувчилар воқеа жойига етиб бориб, автомобиль ҳайдовчисига зарур амалий ёрдам кўрсатиб, махсус техникалар ёрдамида чуқурликдаги автомобилни олиб чиққан. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги қайд этилган.






