Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
“Сўнгги йилларда юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида олиб бораётган амалий ишларимизнинг эътирофи сифатида Ўзбекистон биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига сайланди. Ўз навбатида давлат раҳбарининг турли миллат ва конфессиялар ўртасидаги ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган стратегияси халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланиб келмоқда. Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир”, - деди Азиз Абдуҳакимов.
Дунё халқларини бағрикенглик, тинчликни асраб-авайлаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий фаровонликка эришишга чорлаш мақсадида 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО Бош конференсиясининг бўлиб ўтган 28-сессиясида Бағрикенглик тамойиллари тўғрисидаги декларация қабул қилинган. Унга мувофиқ мазкур сана “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонлаб келинади. Бу борада мамлакатимиз диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик масалаларига ёндашиш бўйича ўзига хос тажрибага эга бўлиб, мазкур тамойиллар Конституциямизда шундай мазмундаги 18-модда билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Бундан ташқари, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Маълумот учун: айни пайтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари 16 та турли конфессияга эътиқод қилиб, тинчлик-омонлик, ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, таъминлаш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаши, миллатига хос анъана ҳамда қадриятларини ҳурмат қилиш, ривожлантиришлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Ҳар йили республикамиз бўйлаб Халқаро бағрикенглик куни кенг миқёсда нишонланади. Жамиятимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида турли тадбирлар, конференсиялар, давра суҳбатлари, концерт дастурларидан иборат “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади.






