АсосийЖАМИЯТ

Қайси давлатлар байроқлари Ўзбекистонникига ўхшайди? Ёхуд давлат байроғи ҳақида биз билиб-билмаган маълумотлар

Мустақил Ўзбекистонинг давлат байроғи герб, мадҳия каби давлат рамзлари қаторида энг бирин...

'Қайси давлатлар байроқлари Ўзбекистонникига ўхшайди? Ёхуд давлат байроғи ҳақида биз билиб-билмаган маълумотлар'ning rasmi

Мустақил Ўзбекистонинг давлат байроғи герб, мадҳия каби давлат рамзлари қаторида энг биринчи бўлиб, 1991 йилнинг 18 ноябрида қабул қилинган. Бу йил миллий байроғимиз ҳам Мустақиллик қаторида 30 ёшга тўлди. Ундаги оч кўк ранг – мусаффо осмон ва тоза сув, Амир Темур байроғи ранги, оқ ранг – тинчлик ва поклик, яшил ранг – соф табиат, қизил чизиқлар – ҳаёт, ярим ой – миллий анъаналар ва 12 юлдуз – 12 ой рамзлари эканлиги ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Биз эса бугун Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида қизиқ ва фойдали бўлган айрим маълумотлар билан бўлишамиз.

АНИҚ ЎЛЧОВЛАРИ БОР

“Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра, Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган. Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 75x30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади. Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.

 

ИККИНЧИ БАЙРОҚ ҲАМ БОР

Бу Қорақалпоғистон Республикаси Давлат байроғи бўлиб, у Қорақалпоғистон давлат суверенитетининг рамзи сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фойдаланилади. Мазкур байроқ бутун узунлиги бўйлаб ўтган мовий ранг, тўқ сариқ ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклида. Тўқ сариқ рангнинг четини оқ ва қизил ҳошиялар ажратиб туради. Юқори қисмидаги мовий рангли энда оқ рангли ярим ой тасвирланган (унинг дўнг томони байроқнинг таёқчасига қаратилган) ва унинг ўнг томонида (агар байроқнинг юз қисмидан қараганда) ўзаро тенг оқ рангдаги бешта беш қиррали юлдуз бор. У 1992 йилнинг 14 декабрь кунида қабул қилинган бўлиб, байроқ муаллифи Жоллибай Изентаев.

ЎХШАШ БАЙРОҚЛАР

Дунёда турли давлатлар қаторида автоном республикалар, шаҳарлар, провинциялар ва турли ҳудудларнинг ҳам ўз байроқлари бор. Улар ичида мамлакатмиз байроғига ўхшаб кетадиганлари ҳам талайгина. Эътиборингизга ҳавола этиладиган байроқлар шулар жумласидандир:

Сьерра-Леоне Республикаси байроғи

 

Лесото қироллиги байроғи

 

Бошқирдистон Республикаси байроғи (Россия)

 

Кабардино-Балкария Республикаси (Россия)

 

 

Кали шаҳри байроғи (Колумбия)

 

Пунтленд автоном давлати байроғи (Сомали)

 

Молоссия Республикаси байроғи (виртуал давлат)

 

 

БИЛИБ ҚЎЙГАН ЯХШИ

“Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунининг 52-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ тайёрлади

    Бошқа янгиликлар