Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” спорт мажмуасида волейбол бўйича Ўзбекистон суперкубоги баҳсларига старт берилди.
Эркаклар ўртасидаги баҳсда амалдаги Ўзбекистон чемпиони ва кубоги эгаси Самарқанднинг “Ўзтелеком” жамоаси чемпионатнинг кумуш медали соҳиби ОТМК жамоасига қарши майдонга тушди. Қизғин ва муросасиз кечган ўйинда маҳорат ва тажриба ўз сўзини айтди. Гарчи ОТМК жамоаси ўз уйида ҳаракат қилган бўлса-да, якунда 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Аёллар ўртасида эса бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон суперкубоги соҳиби аниқланди. Унда кутилмаганда мамлакат чемпиони ва кубоги соҳиби Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг СКУФ жамоаси Нукус давлат педагогика институти волейболчи қизларига имкониятни бой бериб қўйди.
Кеча бўлиб ўтган дастлабки ўйинда нукуслик волейболчи қизлар 3:1 ҳисоби билан ғалаба қозонишган бўлса, ҳозиргина якунига етган баҳсда улар янада ишончли ҳисобда ғолиб чиқишди: СКУФ – НДПИ – 0:3. Шу тариқа аёллар ўртасида Ўзбекистон суперкубоги Қорақалпоғистон Республикасига йўл оладиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон суперкубогида ўйинлар икки ғалабагача давом этади. Агар бугун эркаклар ўртасидаги иккинчи ўйинда ҳам “Ўзтелеком” ғалаба қозонса, у ҳолда бош соврин Самарқандга йўл олади.