Куни кеча Ўзбекистон Президентининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Давлат ташрифи доирасида видеокўприк форматида медиа-форум бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон ва Россия оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, медиа соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Биз форум иштирокчиларидан бири ва ташкилотчиси ЭОАВМА раисига мурожаат қилиб, бугунги кунда медиа соҳасидаги икки томонлама муносабатлар қандай ривожланаётгани ҳақида суҳбатлашдик.
– Ўтган 5 йил давомида хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик натижаларини қандай баҳолайсиз?
– Айтиш жоизки, Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли кейинги йилларда медиа ландшафт сезиларли даражада ўзгарди, оммавий ахборот воситалари янада очиқ бўлди ва бу, албатта, Ўзбекистон ва хорижий оммавий ахборот воситалари ўзаро муносабатлари ривожига таъсир қилмай қолиши мумкин эмас эди. Бу борада ЭОАВМА “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” дастурини ишлаб чиққан, шу дастур доирасида биз Euronews, CNN, BBC,“Россия-24”, “Россия-1”, “Россия- Культура”, “Фарғона” АА ва бошқалар билан ҳамкорлик қиламиз.
Форум, менимча, жуда самарали бўлди. Бир-биримизнинг манфаат ва муаммоларимизни тинглашга, тил топишишга муваффақ бўлдик. ЭОАВМА икки томон ўртасидаги муносабатларни тизимлаштириш, Ўзбекистон ва Россия оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни қабул қилиш, таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ахборот материаллари алмашинуви, ҳужжатли фильмлар яратиш, қўшма медиа-форумларни тизимли асосда ташкил этиш ва иштирок этиш тарафдори.
- ЭОАВМА ҳозир Россия оммавий ахборот воситалари билан қайси соҳаларда ҳамкорлик қилмоқда?
- Булар биз алоҳида эътибор қаратадиган учта глобал йўналиш - таълим, ахборот алмашинуви ва ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқариш. “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиадастурига мувофиқ. 3-7 май кунлари уюштирилган медиаҳафталик доирасида Россиянинг таниқли оммавий ахборот воситалари иштирокида “Ёшлар медиа студиялари” лойиҳаси қатнашчилари – ёш журналистлар учун россиялик машҳур медиашахслар иштирокида махсус учрашувлар ва маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
Ёш журналистларимиз билан ишлашга Россия оммавий ахборот воситаларининг бошқа мутахассислари ҳам мунтазам равишда қўшилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўзида “Россия-24” телеканали телемухбири Борис Мақсудовнинг тўртта тренинги бўлиб ўтди. Тренинглар доирасида ёш журналистлар томонидан тайёрланган энг сара материаллар миллий телеканаллар орқали эфирга узатилди.
С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти раҳбарияти билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик ва Тошкент шаҳрида БДКИ (ВГИК) филиалини очиш тўғрисида шартнома имзолангани мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги жуда муҳим қадам бўлди. БДКИ Тошкент филиалининг йўналишларидан бири – кино ва телевидение продюсери соҳаси -- ўзбекистонлик ёшлар орасида аллақачон машҳур бўлиб улгурди.
Агар ахборот ҳамкорлиги ҳақида гапирадиган бўлсак – жорий йилнинг ўзида “Россия Сегодня” ХАА, “Россия-24”, “Россия-1”, “МИР”, “Россия-Культура” телеканаллари ва бошқалар кўмагида Россия эфирида 50 дан ортиқ ахборот хабарлари ва репортажлар узатилди. Асосий эътибор Ўзбекистонда “Спутник-5” вакцинасини ишлаб чиқариш, Олмалиқдаги мисни қайта ишлаш заводи барпо этилиши, Самарқанд Сити қурилиши, йирик энергетика ва ижтимоий объектлар, байрам ва тантаналар, шунингдек, маданий-гуманитар тадбирларга қаратилди..
- ЭОАВМА Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан биргаликда ҳамкорликда телевизион форматдаги бир нечта лойиҳаларни ҳам амалга оширганми? Қайсиларини ажратиб кўрсатишингиз мумкин?
- Россия телевидениеси гуруҳлари томонидан суратга олинган юзлаб манзиллар ва объектлар сўнгги йилларда республикада рўй бераётган глобал ўзгаришларни яққол намойиш этади. Ўз олдига “Ўзбекистонни томошабинга ҳеч қачон кўрмагандек кўрсатиш”ни мақсад қилиб қўйган россиялик ҳужжатли фильм усталари, режиссёр ва продюсерларнинг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Саида Медведеванинг “Россия-24” телеканалида эфирга узатилган “Ўзбекистон. Энг янги тарих”, Валдис Пельшнинг Биринчи каналда намойиш этишга ҳозирланаётган “Ўзбекистон: ўтмиш, бугун, келажак” номли ноёб фильми, албатта, Ўзбекистонни янги, ўта ҳайратланарли, қизиқарли ракурсларда кўрсатади. Шу кунларда “Россия-Культура” телеканалида Павел Селиннинг “Шарқ дурдонаси тонги” фильми премьераси бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Шунингдек, “МИР” телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган “Ўзбекистон. Ҳамдўстлик навбатчиси"(Ўзбекистоннинг ШҲТда раислигига бағишланган) ва"Мустақиллик. Вазифани уддалаш мумкин” (Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган) деб номланганиккита ҳужжатли фильмда нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақанинг бугуни ва истиқболи акс эттириб берилди.
– Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги медиасоҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамлар қандай бўлади?
- Яқин келажакда ЭОАВМА ва “Россия сегодня” ХАА ўртасида ЭОАВМА, “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Юксалиш” миллий ҳаракати, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси томонидан асос солинган “New Uzbekistan” янги ахборот лойиҳасини амалга оширишда ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаш режалаштирилмоқда. Яқинлашиш йўлидаги биринчи қадам Тошкентда бўлиб ўтган "Россия-Сегодня" ХАА мутахассисларининг ёзги тренинги бўлди. 200 дан ортиқ ёш журналистлар учун медиа-кампус “Россия-Сегодня”ХААнинг 10 нафар етакчи медиа мутахассислари - Маргарита Некрасова, Сергей Соловей, Александр Фомин, Дмитрий Буданцев ва бошқалардан иборат залворли таркиббилан ўтказилди.Машғулотлар ахборот агентлиги ишига шўнғишга қаратилган эди. Тренингларнинг асосий мавзулари сифатида ахборот агентлиги тамойиллари, фактчекинг, интернет-журналистика, қидирув тизимлари, видеоконтент ва видеохостинг, видеомонтаж қилиш асослари ва бошқалар ҳақида сўз юритилди.






