Жорий йилнинг 12 ноябр куни Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 3-қисми «Б» бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, суд-тергов органларидан яшириниб юрганлиги учун сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган.
Бухоро шаҳар ИИО ва ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қидирув” тезкор профилактик тадбири давомида Бухоро шаҳрида қўлга олинган, Сирдарё вилояти Боёвут тумани Боёвут-1 маҳалласида рўйхатда турувчи 1983 йилда туғилган Ю.Ж., ўзига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик эвазига ички ишлар органи ходимига 500 АҚШ доллари пора беришни таклиф қилган. Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ биносидаги хизмат хонада тезкор ходимга 4.200.000 сўм ва 100 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ушланиб, белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилган.
Мазкур ҳолат Ю.Жга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.






