Навоий вилояти Ғозғон шаҳри халқ таълими бўлими мудири Алижон Хўжақулов қарийб 4 ой олдин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқародан пул олаётганда қўлга олинган. Аммо иш терговга қадар ҳам етиб бормай, пул олди-бердиси “қарз”га айланиб қолган.
Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Алижон Хўжақулов 2021 йил 25 июль куни шаҳар халқ таълими бўлимига ишга киритиб қўйишни айтиб, фуқародан (аёл) 3 млн сўм олаётганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда қўлга олинган.
Навоий вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Марат Шамуратовга кўра, бу мудир ва фуқаро ўртасидаги қарз олди-бердиси бўлган ва иш терговгача етиб бормай ёпилган. Шу сабабли у ўз лавозимида ишлашда давом этмоқда.
Навоий вилоят прокуратураси ходими фуқаро аризаси асосида ХТБ мудири Алижон Хўжақуловнинг ишга киргизиб қўйиш эвазига пул талаб қилганлик ҳолати юзасидан тезкор тадбир уюштирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳақиқатан ҳам мудир ва аризачи ўртасида ишга киргизиб қўйиш юзасидан “келишув” бўлган. Бу бўйича ёзиб олинган суҳбат ариза билан тақдим қилинган. Бироқ тезкор тадбир жараёнида мудир фуқарога ишга киргизиб қўйиш масаласи ҳал бўлмаслигини айтиб, келишилган миқдордаги пулни унга қарз сифатида бериб туришини сўраган. Яъни пора сифатида сўралган пул охирги лаҳзада қарзга айланиб қолган. Шу сабабли, ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатишни рад қилиш юзасидан қарор қабул қилинган.






