Мирзо Улуғбек ва Бектемир туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган дорихоналар фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Хабарда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мирзо Улуғбек ва Бектемир туман бўлимлари томонидан ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда, “M.F.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчилари С.С. ва М.М.лар 2 дона “Регапен” номли дори воситасини 50 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, ушбу дорихонадан 161 дона “Зардекс”, 56 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, “M.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчилари С.М. ва С.Э.лар харидорга 4 дона “Регапен” номли дори воситасини 100 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, ушбу дорихонадан 62 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Худди шундай, “N.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчилари С.А. ва У.Э.лар 3 дона “Зардекс” номли дори воситасини 45 минг сўмга сотганлиги аниқланиб, ушбу дорихонадан 83 дона “Зардекс”, 4 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






