АсосийЖАМИЯТ

“Нукус” полигонида Мудофаа вазирлиги миқёсидаги кўрик-танлов якунига етди

Миллий армиямиз бугун халқимизнинг тинч, осойишта ҳаётининг мустаҳкам ҳимояси, мамлакатими...

'“Нукус” полигонида Мудофаа вазирлиги миқёсидаги кўрик-танлов якунига етди'ning rasmi

Миллий армиямиз бугун халқимизнинг тинч, осойишта ҳаётининг мустаҳкам ҳимояси, мамлакатимиз хавфсизлигининг ишончли кафолатига айланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча соҳаларида бўлиб ўтаётган кўлами жиҳатидан кенг ислоҳотлар Қуролли Кучларимизни такомиллашувига ҳам хизмат қилмоқда.

Профессионал армияни барпо этишда, энг аввало унинг сафларида турган мард ўғлонларнинг касбий малакасини юксалтириш, замон билан ҳамнафас бўлишини таъминлаш, сўнгги русумдаги ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан бутлаш, хизмат қилиш ва яшаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга катта эътибор қаратилгани боис, бугун армиямиз халқаро рейтингда Марказий Осиёда етакчиликни қўлдан бой бермай келмоқда. Юртимиз ҳимоячилари халқаро ареналарда кучли армияга эга давлат вакилларига муносиб рақобат кўрсатиб, байроғимизни юксакларга кўтармоқда. Бу  ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи  Майор Тимур Нарзие хабар  бермоқда.

Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг касбий билим ва малакасини юксалтириш, бириктирилган қуроли, ҳарбий техника ва аслаҳаси билан мулоқотда масъулият ҳиссини ошириш, соғлом рақобат муҳити ҳамда тажриба алмашишини таъминлаш мақсадида 2019 йилдан эътиборан “Мен ғолиб!” ягона шиор остида ўтказиб келинаётган “Энг илғор мутахассис” кўрик-танлови бу йил 29 та ҳарбий йўналиш бўйича юртимизнинг турли умумқўшин полигонларида бир вақтнинг ўзида старт олди.

Жумладан, Мудофаа вазирлиги қўшинларида муҳандислик ҳамда Қуруқликдаги қўшинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган мутахассис аскарлар ўртасидаги “Энг илғор мутахассис” кўрик-танловининг финал босқичи “Нукус” умумқўшин полигонида бир неча кун давомида ўтказилиб, якунига етди.

Таъкидлаш жоизки, қишнинг қаҳратон бўлишини кеч куздан билдириб, Шимоли-ғарбий ҳудудга кириб келган совуқ ҳаво ҳарорати шашти баланд ўғлонларнинг маҳоратини намойиш этиши учун қийинчилик яратиб бера олмади.

Кўрик-танловда муҳандислик бўлинмалари ўртасида “Энг илғор мутахассис сапёр”, “Энг илғор муҳандислик разведка дозори” ва “Дизелчи-электрик” номинациялари, шунингдек Қуруқликдаги қўшинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари ўртасида “Энг илғор кўчма зенит-ракета комплекси мутахассиси” ва “Энг илғор ЗУ-23-2 (зенит қурилмаси) мутахассиси” номинациялари бўйича жами 78 нафар муддатли ҳарбий хизматчилар 6 та жамоа шарафини ҳимоя қилиш учун беллашди.

Назарий билимлари тест синовлари орқали аниқланган ёшлар жисмоний баркамоллигини меъёрларни бажариш орқали намойиш этди. Отиш тайёргарлигидан нишонларни моҳирона яксон этган аскарлар ҳақиқатан ҳам бу мусобақага жиддий тайёргарлик кўрганини исботлаб берди.

Танловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатини адолатли баҳолаш мақсадида мусобақани Мудофаа вазирлиги марказий аппарати вакилларидан иборат бўлган ҳайъат аъзолари баҳолаб боради.

Номинациялар бўйича кучли рақобат кўрсатиб, бир қатор синовли машқларда ўзаро куч синашган жамоалар армиямизда ёш мутахассислар мактаби шаклланганини, маҳоратли ҳарбий хизматчилар вояга етаётганини кўрсата олишди.

Якуний натижаларга кўра муҳандислик бўлинмалари ўртасида ўтказилган кўрик-танловнинг “Энг илғор мутахассис сапёр” номинациясида биринчи ўринни Тошкент ҳарбий округи, иккинчи ўринни Шарқий ҳарбий округи ва учинчи ўринни Шимоли-ғарбий ҳарбий округи жамоаси эгаллади.

Муҳандис-аскарлар ўртасидаги шиддатли ва муросасиз баҳсларнинг “Энг илғор муҳандислик разведка дозори” номинациясида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи жамоаси шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олган бўлса, иккинчи поғона Жанубий операцион қўмондонлиги жамоасига насиб этди. Учинчи ўринни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи асарлари эгаллади.

“Дизелчи-электрик” номинациясида ҳам Шимоли-ғарбий ҳарбий округи аскарларига тенг келадигани топилмади. Иккинчи ўринни Жанубий операцион қўмондонлиги ҳамда учинчи ўринни Марказий ҳарбий округи жамоалари қўлга киритди.

Муҳандислик бўлинмалари ўртасида икки номинация бўйича бўлиб ўтган баҳслар якунига кўра Шимоли-ғарбий ҳарбий округ жамоаси Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ жамоасидан 526 балл фарқ билан энг олди қатордан жой олди. Учинчи ўринни Тошкент ҳарбий округи жамоаси эгаллади.

Қуруқликдаги қўшинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари ўртасида  “Энг илғор кўчма зенит-ракета комплекси мутахассиси” номинацияси биринчилиги учун кечган беллашувда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи жамоасининг қўли баланд келди. Иккинчи ўринни Тошкент ҳарбий округи ва учинчи ўринни Шимоли-ғарбий ҳарбий округи жамоалари эгаллади.

“Энг илғор ЗУ-23-2 (зенит қурилмаси) мутахассиси” номинациясида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи жамоаси тенгсиз эканини исботлаб, ғалаба қозонган бўлса, иккинчи поғонадан Тошкент ҳарбий округи жамоаси жой олди. Фахрли учинчи ўринни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи жамоаси эгаллади.

Қуруқликдаги қўшинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари ўртасида кечган уч номинация якуни бўйича ҳам Шимоли-ғарбий ҳарбий округ жамоаси пешқадам бўлди. Иккинчи ўриндан Жанубий операцион қўмондонлиги ҳамда учинчи ўриндан Тошкент ҳарбий округи жамоалари жой олди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Қуролли Кучлар Бош штаби Қуруқликдаги қўшинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлими бошлиғи подполковник Акбарали Сабитов, ҳайъат аъзолари ва ҳарбий хизматчилар қатнашди.

Сўзга чиққанлар қисқа вақт ичида армиямизда кенг оммалашган бу кўрик-танлов ҳар йили энг илғор, чаққон ва моҳир аскарларни саралаш, уларни муносиб рағбатлантириш, кадрлар заҳирасини бутлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини эътироф этишди.

Ғолиб ва совриндорлар мудофаа вазири номидан диплом, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

    Бошқа янгиликлар