АсосийMadaniyat

Марко Поло изидан саёҳат: Италия нашри вакили Ўзбекистонга ташриф буюрди

'Марко Поло изидан саёҳат: Италия нашри вакили Ўзбекистонга ташриф буюрди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида Италиянинг Exportiamo.it нашри журналисти, сайлов жараёнини кузатиш учун Италиядан келган Нармин Раҳимова мамлакатимизда меҳмон бўлди.

Ташриф давомида журналист мамлакатнинг туризм салоҳияти билан яқиндан танишиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

"Асли озарбайжонлик бўлсамда, узоқ йиллар Италияда яшаб ҳамда ижод қиламан, серқуёш Ўзбекистонга ташриф буюришни кўпдан бери орзу қилардим. Айниқса, Ўзбекистоннинг бой тарихи, меъморий обидаларини кўздан кечириш, унинг руҳан менга яқин, дўстона меҳмондўст, анъаналари ўхшаш, маданий-тарихий урф-одатлари муштарак халқи билан яқиндан танишиш ҳузур бағишлайди.

 

Шуни таъкидлашим жоизки, кўплаб италияликлар ва европаликлар учун Ўзбекистон ҳануз забт этилмаган сирли мамлакат бўлиб қолмоқда, бироқ сўнгги пайтларда амалга оширилган кенг кўламли иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар туфайли туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги жуда қувонарли. Чет эллик меҳмонларга ўз эшикларини очиб, азалдан машҳур сайёҳлик маскани сифатида номини танитмоқда. Ўзбекистон, ҳақиқатдан ҳам, улкан сайёҳлик салоҳиятига эга, минг йиллик тарихи, хорижлик сайёҳлар эътирофига сазовор бўлган бетакрорлиги ҳамда асллигини сақлаб қолган ҳолда, жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан мазкур соҳа қўллаб-қувватланиб, фаол тарғиб қилинаётганлиги сабабли мамлакатингизга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Хорижий оммавий ахборот воситаларининг халқаро миссияси доирасида Президент сайловлари муносабати билан Ўзбекистонга иккинчи бор ташриф буюриш шарафига муяссар бўлдим. Хорижий оммавий ахборот воситаларининг ишлаши учун барча шароитлар яратилгани, самимий меҳмондўстлик ва юқори малакали ходимлар томонидан индивидуал ҳамроҳлик юқори даражада ташкил этилгани катта ижобий таассурот қолдирди. Тошкентдаги гавжум, аммо сермаҳсул кун, сайлов жараёнини кузатиш учун турли жойларга ташрифлар, бир нечта интервю ва ишбилармонлик учрашувлари шулар жумласидан. Шунингдек, қадимий шаҳарлар – Самарқанд ва Бухорога пресс-тур ташкил этилди

Сизнинг гўзал мамлакатингизга ташрифимдан сўнг Италияга энг ёрқин таассуротлар билан қайтмоқдаман. Самарқанд ва Бухоро ўзининг экзотик ўтмиши, гўзал меъморий ёдгорликлари ҳамда ҳайратланарли мозаикалари билан бизни лол қолдирди. Тарихий обидалар, мадраса ва масжидлар билан бир қаторда Самарқанднинг қадимий қўл меҳнати технологиялари асосида қоғоз тайёрлашнинг қадимий анъаналарини қайта тиклаётган маҳаллий фабрикаси жойлашган Конигил қишлоғига ташриф буюриб, қоғоз тайёрлашнинг барча босқичлари шахсан гувоҳи бўлганим ҳамда бир нечта қўл меҳнати намуналаридан харид қилишдан хурсанд бўлдим.

Бой маданий мероси, савдо гумбазлари ва карвонсаройларига эга шарқона ўзига хос эртаклар шаҳри бўлган Бухоро, шубҳасиз, қалбимни забт этди. Ипак йўлининг кўп асрлик тарихи бўйлаб саёҳат қилдим ва бу шаҳарни барчага тавсия қиламан! Таъкидлашни истардимки, мамлакатнинг диққатга сазовор жойлари ва фотосуратлари ижтимоий тармоқларда эълон қилинганим сари, италиялик ҳамкасбларим ва дўстларимда катта қизиқиш уйғотди, уларни мамлакатнинг туризм салоҳияти ҳайратга солди. Улар Марко Поло изидан мазмунли саёҳатга йўл олиб, Ўзбекистонга ташриф буюришга катта қизиқиш билдиришди.

Умуман олганда, юртингизга ташриф буюрганимдан, бой ўзбек таомларидан, миллий либослар ранг-баранглигидан, бетакрор ҳунармандчилик буюмларидан олган таассуротларимни сўз билан таърифлаш қийин. Турфа миллий либослар ва чопонларни кийишдан завқланиш имконини берган маҳаллий ҳунармандчилик дўконининг самимий ходимларидан жуда миннатдорман. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб эди! Эсдалик совғалари, шойи, қўлда тикилган дастурхонлар, кулолчилик буюмлари, миниатюралар ва гиламлар билан савдо қилувчи дўконларга ташрифдан бениҳоя мамнун бўлдим. Яна бир унутилмас ва қувончли воқеа Бухоро шаҳридаги миллий қўғирчоқлар музей-устахонасида намойиш этилган мини спектакл бўлди. Мен ҳали ҳам улардан бирини харид қилмаганимдан афсусдаман! Насиб этса кейинги сафар!

Ўзбекистон менинг севимли мамлакатларимдан бирига айланди ва юрагимдан мустаҳкам жой олди. Бу Ўзбекистоннинг кўп миллатлилик хусусятини ифодалаган анъаналар бўлиб, улар мусиқасида, рақсларида, санъатида, тилида, таомларида, кийимида акс этган. Одамлари меҳмондўст, хушмуомала. Яхши ният ва қувонч руҳи ҳукмрон. Архитектураси бетакрор. Чиройли эски шаҳарлар. Олам-олам ёрқин таассуротлар. янги дўстлик муносабатлари.

Умуман олганда, барча ташкилотчиларга профессионал ёндашув, самимийлик ва меҳмондўстлик учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу ерда эканлигимдан ва Италия жамоатчилигини Ўзбекистон тараққиёти билан таништиришга ҳисса қўшаётганлигимдан жуда мамнунман. Ўз томонимдан, мен ҳам кўпроқ одамларни – санъат, тарих ва маданият арбобларининг ушбу буюк мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятидан хабардор бўлишига бор имкониятимни аямайман”.

    Бошқа янгиликлар