АсосийЖАМИЯТ

Ҳимматингизни дариғ тутманг! Ёхуд оғир касалликлардан азият чекаётганлар ҳақида

"Даракчи" газетаси оғир даволанувчи касалликлардан азият чекаётган беморларга моддий...

'Ҳимматингизни дариғ тутманг! Ёхуд оғир касалликлардан азият чекаётганлар ҳақида'ning rasmi

"Даракчи" газетаси оғир даволанувчи касалликлардан азият чекаётган беморларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ҳали умид бор” лойиҳасини йўлга қўйган эди. Ана шу лойиҳа доирасидаги илк мақоламиз газетада эълон қилинганидан сўнг таҳририятимизга жуда кўп телефон қўнғироқлари ва мурожаатлар бўлди. Кўпчилик ҳамюртларимиз ушбу хайрли ва савобли лойиҳамизни маъқуллашди ва ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Лойиҳа доирасида “Анемия ва лейкемия” хайрия жамоат фонди билан биргаликда оққон, саратон ва бошқа оғир хасталикларга қарши курашаётган беморларга билвосита маблағ етказиб бериш учун махсус ҳисоб рақами очилди. 

Ўзбекистонда ҳар йили 800 дан зиёд болаларга онкологик касалликлар ташхиси қўйилади. Шулардан атиги 70 фоизигина керакли муолажаларни олади. Бизнинг асосий мақсадимиз — оққон ва саратон каби хасталикларга чалинган беморларга даволанишнинг турли босқичларида манзилли, мақсадли моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, айниқса болалар ўртасидаги бундай касалликларни эрта ташхислаш ва ўз вақтида даволаш масалаларига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш. Бунга эришишда газета мухлислари, умуман барча юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдан иборат. Сизнинг кўмагингиз биз учун муҳим.

ЛАЗИЗА, 3 ёш, Жиззах вилояти. Ташхис: Лейкемия

Шифокорларнинг айтишича, Лазизага илик кўчириш амалиёти тавсия этилган. Аммо бу операция Ўзбекистонда бажарилмайди. Фақат чет элда амалга оширилади ва жуда кўп маблағ талаб этилади. Шунинг учун қизалоқнинг онаси ҳамюртларимиздан кўмак сўрамоқда.

“Ёлғиз онаман, қизимни бир ўзим катта қиляпман. 3 йилдан бери оққон билан курашяпмиз. Қизчамда касаллик 3 ойлигида аниқланган. 20 марта гематологияда даволаниб чиқдик. Қизимга мунтазам донор қони қуйдиряпмиз. Ҳозир касаллик хуружи тезлашган. Агар имкон қадар тезроқ операция қилинса, соғайиб кетишига умид бор экан. Аммо чет элда илик кўчириш операциясини ўтказиб келишимизга 150 миллион сўм керак бўлади. Бу маблағ бизда йўқ, шунинг учун халқимиздан кўмак сўрамоқчиман. 

РАВШАН, 56 ёш, 2019 йилдан буён сурункали лимфолейкоз касаллигидан даволаниб келмоқда. 

“Гематология шифохонасида 11 марта даволаниб чиққанман. Ҳозир 12-марта келдим. Шифокорларга раҳмат, жуда яхши қарашяпти. Муолажалар ва дорилар биздек беморларга бепул, лекин айрим қиммат дорилар бу ерда йўқ, уларни ўзимиз сотиб олишимизга тўғри келяпти. Масалан, 3 миллион сўмлик препаратдан шу пайтгача 6 марта олдим. 5 та дозасини Анемия ва лейкемия фонди сотиб олиб берди. Ҳозир пул топиб, яна шу дорини олишим керак. Агар вақтида ололмасам, аҳволим оғирлашиши мумкин... 

Очиққўл, сахий бўлишимиз, садақа, хайр-эҳсон ва яхшилик улашишимиз, ўзгаларга ачиниб, уларни қўллаб-қуватлаб, ўзаро бирдамликда бўлишимиз, мусулмонларга хос энг муносиб амалдир. 

Сиз қилган ҳар бир эҳсон учун ажрга эга бўлишингизни унутманг! Хаста, беморларнинг ҳаққига дуо қилинг! Ушбу хабарни бошқаларга ҳам етказинг.

Саҳоватли юртдошларимиздан қуйидаги карта рақамига маблағ ўтказишларини сўраймиз: 8600 0304 2283 9898

Пул ўтказишни барча банк бўлимлари ёки мобиль телефонда CLIСK, Payme пул кўчириш тизимлари орқали амалга оширишингиз мумкин. Пул кўчирилганлиги ҳақидаги маълумотни “скриншот” қилиб Даракчи телеграм манзилига (+998 95 194 64 16 ) юборишингизни сўраймиз.

                                                                          Манзура БЕКЖОНОВА 

    Бошқа янгиликлар