АсосийSalomatlik

Ўзбекистонда вакцинанинг бустер дозасини олиш ихтиёрий деб белгиланди. Бустер дозаси нима учун керак?

'Ўзбекистонда вакцинанинг бустер дозасини олиш ихтиёрий деб белгиланди. Бустер дозаси нима учун керак?'ning rasmi

«Moderna» ва «Pfizer-BioNTech» вакциналари устида яқинда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, тўлиқ вакцина курси олингандан маълум вақт ўтганидан кейин антитаначалар миқдори камаяди.

Дунёдаги вакциналар етарли даражада самара бераётганлигига қарамасдан, FDA, тадқиқотларга таянган ҳолда, вакцинациянинг биринчи курси якунланганидан камида 6 ой ўтиб, бустер дозани (Moderna ва Pfizer-BioNTech) қўллашга рухсат берди. Бустер доза организмнинг бирламчи иммун жавобини тезлаштиради, бу эса иммунитетни узоқроқ вақт сақлаб туриш имконини беради.

⠀FDA мутахассислари бустер вакцинацияни биринчи ўринда қуйидаги шахсларга тавсия этади:

  • 65 ёш ва ундан катталарга,
  • узоқ муддатли парвариш муассасаларида яшайдиган 18-64 ёшдаги шахсларга,
  • ёндош касалликларга эга 18-64 ёшдаги шахсларга,
  • касаллик юқтириш хавфи юқори шароитларда ишлаётган ёки яшаётган 18-64 ёшдаги шахсларга.

Дунёнинг кўпгина давлатларида бустер вакцинацияси турмуш тарзига айланиб улгурди: АҚШда, ЕИ давлатларида, Исроилда, Россияда ва бошқа қатор давлатларда. Ҳар бир давлатнинг соғлиқни сақлаш органлари вакцинанинг бустер дозасини олиш тартиби ва шартларини белгилаб чиқади.

17 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда вакцинанинг бустер дозасини олиш ихтиёрий деб белгиланди. У вакцина олувчининг хоҳишига кўра исталган типдаги вакцина билан, вакцинация курсининг охирги дозаси олинганидан 6 ой ўтиб амалга оширилади.

Ўзингизга энг яқин вакцинация пункти ёки даволаш-профилактика муассасасига мурожаат қилинг.

Шунингдек, вакцинанинг бустер ва қўшимча дозалари орасидаги тафовут ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз:

«Қўшимча» деганда, иммун танқислиги бўлган ва организми дастлабки вакцинация курсидан кейин етарли даражада ҳимояни ярата олмаган одамларга юбориладиган яна бир доза вакцина тушунилади.

Бустер доза эса — бу, организми етарли даражада ҳимоя яратган, аммо кейинчалик бу ҳимоя заифлашган одамга юбориладиган дозани англатади.

    Бошқа янгиликлар