Бугун, 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг (UNODC) Марказий Осиё учун 2022-2025-йилларга мўлжалланган дастурини имзолаш ва ишга тушириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирда, шунингдек, БМТ Бош котиби ўринбосари, UNODC ижрочи директори Гада Фатҳи Вали, Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Акан Рахметуллин, Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Азизбек Мадмаров, Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Ҳусейнзода ва Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Ходжиев иштирок этди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқида БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтди.
Наркотик моддалар савдоси, уюшган жиноятчилик, коррупсия ва терроризмга қарши курашда минтақа давлатларига ёрдам кўрсатиш бўйича UNODC дастурининг олдинги босқичи самарали бўлганини қайд этилди ҳамда имзоланаётган Дастурнинг трансмиллий таҳдидларга қарши курашишдаги долзарблиги таъкидланди.






