1

Ўзбекистон-Корея: Самарқандда маданий меросни барқарор бошқаришга доир симпозиум бўлиб ўтди

МАДАНИЯТ 26.11.2021, 15:21
Ўзбекистон-Корея: Самарқандда маданий меросни барқарор бошқаришга доир симпозиум бўлиб ўтди

Бугун, 26 ноябр куни Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Ўзбекистонда маданий меросни барқарор бошқариш” мавзусида Ўзбекистон-Корея симпозиуми бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Туризм ва спорт вазирлиги, унинг ҳузуридаги Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги, Корея Республикаси Маданий мерос маъмурияти ва Корея маданий мерос жамғармаси томонидан ташкил этилди.

Симпозиум Туризм ва спорт вазирлиги томонидан Корея Республикаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда музей салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини яхшилаш” лойиҳасининг I босқичини якунлашга бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Корея Республикаси Маданий мерос маъмуриятининг меросни тарғиб қилиш бюроси бош директори И Кён Хун, Корея Маданий мерос жамғармаси дастури раҳбари Ким Донг Ха ҳамда ОДАнинг маданий мерос бўйича бош директорининг ўринбосари Жон Бамхван, Ўзбекистондаги музей ва галереялар раҳбарлари, шунингдек, соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Маълумот учун: Лойиҳанинг I  босқичи доирасида грант асосида 700 минг АҚШ доллари миқдорида:

- Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида археологик топилмаларни ўрганиш ва реставрация қилиш бўйича замонавий лаборатория ташкил этилди;

- соҳа мутахассислари учун маҳорат дарслари ўтказилди ва 95 та экспонат реставрация қилинди;

- “Афросиёб” музейидаги девор расмлари намойиш этилган хона таъмирланди.

Шунингдек, дастур доирасида ўзбекистонлик мутахассислар учун музей экспонатлари ва археологик топилмаларни реставрация қилиш ҳамда сақлаш бўйича илғор ўқув қўлланмаси ишлаб чиқилди.

Симпозиумда қуйидаги масалалар муҳокама қилинади:

-Ўзбекистонда музейлар консервациясини стратегик ривожлантириш;

-Афросиёб деворий ёзувлар қазиб олиш ва илмий жиҳатдан таҳлил қилиш;

- Самарқанд вилояти ҳудудидаги маданий мерос обектларини реставрация қилиш ва бошқариш;

-Корея ва Ўзбекистон ўртасида маданий меросни барқарор сақлаш бўйича ҳамкорлик.

Симпозиум доирасида кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Музей экспонатлари ва археологик топилмаларни реставрация ва реконструкция қилиш” кўргазмасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ҳозирги вақтда Туризм ва спорт вазирлиги томонидан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси лабораториясига археологик топилмалар таркибини рентген текширувидан ўтказиш ҳамда таҳлил қилиш учун жиҳозлар етказиб беришга махсус қўшимча техник ёрдам (тахминан 255 минг АҚШ доллари) ажратиш, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган асосий лойиҳанинг II-босқичини тайёрлаш (3,8 млн. АҚШ доллари) масаласини келишиб олиш ўз якунига етмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1