24-25 ноябрь кунлари Озарбайжоннинг Бoку шаҳрида буюк аллома Низомий Ганжавий таваллудининг 880 йиллигига бағишланган “Низомий Ганжавий: маданиятлар ўртасида кўприк” номли халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда 15 та хорижий давлатлардан келган 40 дан ортиқ олимлар, тадқиқотчилар, экспертлар, расмийлар, олий таълим муассасалари раҳбарлари, халқаро ташкилортлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Озарбайжонда 2021 йил “Низомий Ганжавий йили” деб эълон қилинган. Мазкур форум ҳам Озарбойжон маданият вазирлиги томонидан айнан шу йил дастури доирасида ташкил этилди.

Форумда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам сўзга чиқиб, Низомий Ганжавий ҳамда Навоий ижодидаги боғлиқликлар, аллома адабий меросининг бугунги кундаги қиймати хусусида атрофлича тўхталди ва ўз нутқи сўнгида “Ўзбек халқининг Низомий Ганжавий шахсига ҳурмати ва севгиси буюкдир!” - деди вазир.

Шунингдек, конференция очилиш маросимида Францияда нашрдан чиқарилган “Низомий Ганжавий: ғазаллар ва каломлар” номли китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Китоб марҳум озарбайжонлик профессор, филология фанлари доктори Али Мусаев томонидан 1990-йилларда француз тилига таржима қилинган Низомийнинг ижод намуналаридан ўрин олган.






