Мактабгача таълим вазирлиги биносида ОАВ вакиллари учун "Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар самараси 4 йил ичида" мавзусида очиқ мулоқот ҳамда 9-декабрь “Халқаро коррупсияга қарши курашиш куни” муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Унда мактабгача таълим соҳасида 2017-2021 йиллар давомида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага киритилган инновацион педагогик технологиялар, қамровни ошириш юзасидан олиб борилаётган самарали ишларнинг натижалари нодавлат секторининг улуши, бир йиллик мажбурий мактабгача тайёрловнинг мақсади ва натижадорлиги ҳамда ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан оммавий ахборот воситаларига баёнот берилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг ўринбосари Нодир Муслитдинов бугунги кунда неча фоиз болалар боғчага қамраб олингани, ўтган йиллардан бу йилнинг фарқи ва келгусидаги режалар ҳақида қуйидагиларни баён қилди:
Ўзбекистонда 35 млн. аҳоли истиқомат қилиб, шундан 2,8 млн.ни 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар бўлиб, бунда аҳолининг йиллик ўсиши 800 минг болага тўғри келади, мамлакатимизда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Бугунги кунда 3-7 ёшли болаларнинг умумий сонидан (2,8 млн.) 1 829 328 бола (2017 йилда – 708 247; 2018 йилда – 932 310; 2019 йилда – 1 413 290; 2020 йилда – 1 699 566 бола) ёки мактабгача ёшдаги аҳолининг 64,9 фоизи мактабгача таʼлим билан қамраб олинди (2017 йилда – 27,7%; 2018 йилда – 37,7%; 2019 йилда – 52,3%; 2020 йилда –60,9%). Шу билан бирга 2021 йил 3 чорак якунига кўра Ўзбекистон Республикасида 24 922 та мактабгача таълим ташкилоти:
2017 йилда – 5 211 та; 2018 йилда – 7 104 та;
2019 йилда – 13 530 та; 2020 йилда – 18 254 та, шундан 6 382 та давлат ва 18 540 та нодавлат, шу жумладан 803 та хусусий, 16 646 та оилавий ва ДХШ доирасида 1 091 та нодавлат МТТ фаолият кўрсатмоқда.биз бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Бизнинг келгусидаги энг олий мақсадимиз, “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига мувофиқ, 2030 йилга келиб мактабгача таълимга болаларнинг 80,8 фоизини қамраб олишдан иборат!
Моҳинур РУСТАМОВА






