Бугун юртимизда барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ташаббуслар замирида ҳар бир соҳанинг ўз ваколати доирасида қонунан фаолият олиб бориши қатъий назарда тутилган. Худди шу сингари, жорий йилнинг 25-26 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан соҳа корхоналари иштирокида 2021 йилни муваффақиятли якунлаш чоралари ҳамда 2022 йилда амалга ошириладиган вазифалар тўғрисида тадбир ташкил этилди.

Ушбу тадбирда Агентлик директори Р. Бобоев ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар, жумладан, Интеллектуал мулк агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “CRPT TURON” маъсулияти чекланган жамиятининг вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида бугунги кундаги энг катта муаммо, яъни контрафакт маҳсулотлари тарқалишининг олдини олиш, корхоналарнинг лицензия талабларига амал қилишини таъминлаш, маркировка тизимини назорат қилиш каби муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Бу борада соҳани ривожлантиришга қаратилган 8 та норматив ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 3 та Қонуни, 1 та Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ҳамда 4 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ишлаб чиқилди.
Бунинг натижасида, Агентлик томонидан маҳсулотнинг хомашёдан истеъмолчигача бўлган жараёнларини доимий назорат ва таҳлил қилиш имконияти яратилди.

Ўтган давр мобайнида “Лицензиялаш комиссияси” хулосасига кўра Агентлик томонидан алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ва улгуржи савдо фаолиятини юритишга корхона ва ташкилотларга жами 186 та лицензиялар берилди.
Бундан ташқари, соҳадаги тадбиркорларга қулай шароит яратиш мақсадида алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш учун (шу жумладан, умумий овқатланиш) рухсат гувоҳномасини олиш тартиби бекор қилиниб, тегишли давлат органини хабардор қилиб фаолият юритиш тартиби жорий этилди.

Ноқонуний олиб кирилган ва реализация қилинаётган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини аниқлаш бўйича жамоатчилик назоратини таъминловчи махсус дастурий (мобиль) илова ишга туширилди ҳамда ушбу илова доимий равишда масъул ходимлар томонидан назорат қилиб борилиши йўлга қўйилди.
Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва истеъмолчига сотишгача бўлган жараённи назорат қилиш ҳамда контрафактни олдини олишга имкон берувчи ҳисобга олиш ахборот тизимини жорий этиш мақсадида 51 та корхонада маркировкалаш тизими йўлга қўйилди. Шу билан бирга, корхоналардаги асосий ишлаб чиқариш ускуналарини идентификация кодлари орқали маркировкалаш тизими ҳам йўлга қўйилмоқда.
Шу билан бирга, соҳада жорий йилнинг ўтган даврида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан бирмунча ижобий натижаларга эришилди - дея таъкидлади Агентлик директори Р. Бобоев.
Ҳисобот даврида соҳа корхоналари бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4,5 трлн. сўмни, яъни ўтган йилга нисбатан 101,5% га ўсишни ташкил этганлиги таъкидланди.
Шу ўринда экспорт салоҳиятига тўхталсак, экспорт соҳасида ўзгаришлар талайгина. Бир ярим йил давомида экспорт географияси кенгайтирилиб, 24 та давлат қамраб олинди. Соҳа корхоналари томонидан маҳсулотлар экспорти 38,8 млн. доллар ёки прогнозга нисбатан 117,2 фоиз ўтган йилга нисбатан эса 123,3 фоизга амалга оширилди.

Шу ерда соҳадаги бир қатор корхоналарнинг ҳисобот давридаги экспорт топшириғини ортиғи билан бажарганликларини қайд этиб ўтишимиз керак деб ўйлайман, жумладан:
“Тошкентвино комбинати” АЖ - 5 млн. 734,7 минг доллар, прогнозга нисбатан 109,7 фоизга;
“Қўқон биокимё” АЖ – 1 млн. 439,4 минг доллар, прогнозга нисбатан 479,8 фоиз, ўтган йилга нисбатан 641,1 фоизга;
“Агромир Адас” ҚК МЧЖ – 1 млн. 389,0 минг доллар, прогнозга нисбатан 262,2 фоиз, ўтган йилга нисбатан 375,6 фоизга;
“Жомбой шароб” МЧЖ – 1 млн. 288,9 минг доллар, прогнозга нисбатан 277,1 фоиз, ўтган йилга нисбатан 358,0 фоизга;
“Шоҳруд” АЖ – 1 млн. 94,5 минг доллар, прогнозга нисбатан 117,1 фоиз, ўтган йилга нисбатан 126,3 фоизга;
“Сўқоқ шароб” МЧЖ – 217,6 минг доллар, прогнозга нисбатан 217,6 фоиз, ўтган йилга нисбатан 111,8 фоизга ошганлигини кўришимиз мумкин.
Ушбу корхона раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, - дея Агентлик директори сўзини якунлади.
Соҳани ривожи борасида янги ва замонавий талабларга жавоб бера оладиган узумзорлар барпо қилиш бугуннинг асосий вазифаларидан биридир.
Агентликнинг Виночиликни ривожлантириш жамғармасидан 2019 - 2021 йиллар давомида ҳудудлардаги 159 та фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан яратилган саноатбоп узумзорларга жами 69,0 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилган бўлиб, шундан 5,5 минг гектар янги токзорларида томчилатиб суғориш тизимини жорий этишга 30,5 млрд.сўм, сув таъминоти оғир лалми майдонларда 193 дона артезиан қудуқлари ўрнатиш тадбирларига жами 23,2 млрд. сўм ҳамда барпо этилган саноатбоп навли узум кўчатларини шпалерга кўтаришга 986,0 млн. сўм субсидия маблағлари ажратилган.
Ушбу кўрсаткичларнинг ўзиёқ соҳага қаратилаётган эътиборнинг нечоғлик муҳим эканлигини кўрсатиб турибди.
Ушбу тадбир ўтказилишидан мақсад, ҳозирги кунда соҳадаги корхона ва ташкилотларнинг бир маромда ишлашини ҳамда сифатли, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилишини таъминлаш ҳамда ушбу маҳсулотларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг бундан кейинги фаолиятини янада тартибга солиш, назорат қилиш ва ўз навбатида қонун доирасида кўмак ҳам беришдир.
Тадбир давомида ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо корхоналари ўртасидаги маҳсулот етказиб бериш юзасидан шартномалар тузиш, маҳсулот учун олдиндан маблағ ўтказиш, тайёр маҳсулотни барча талабларга асосан реализацияси, етказиб берилган маҳсулот учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш, юзага келадиган муаммоларни тезлик билан ҳал этиш ва бошқа масалаларни ҳал қилиш борасида агентлик масъул ходимлари ўз кўмак ва ёрдамларини аямайдилар.
Тадбирда иштирок этган ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари ҳам йиғилганларни қизиқтирган саволларига жавоб бердилар. Энг муҳими, соҳа фаолиятида шаффофликни таъминлаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини қатъий назорат қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда соҳа меҳнаткашларининг шароитларини янада яхшилаш ва қўшимча ишчи ўринлари яратилиши белгилаб олинди.
Д. Сиддиқова, Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги Матбуот котиби






