Ушбу саволга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан жавоб тақдим этилди.
"Ўзбекистонга коронавируснинг SARS-CoV-2: B.1.1.529. (Omikron) варианти кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор тадбирлар белгиланган.
Вируслар - оддий, ҳужайрасиз организмлар, уларда ўзгарувчанлик юзага келиши табиий ҳол. Масалан, ҳозиргача коронавируснинг қўзғатувчиси, яъни SARS-CoV-2нинг 7 мингдан зиёд мутацияга учраган штаммлари аниқлаган. "Omiсron" ҳам шулардан бири.
Юртимизга коронавируснинг турли штаммлари ҳар сафар хориждан қайтган фуқароларимиз орқали кириб келганини ҳисобга олсак, ҳатто Жанубий Африка давлати билан бевосита авиация алоқаси мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам касалликнинг иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали Ўзбекистонга кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас.
Ўтган даврда бизда COVID-19ни даволаш бўйича катта тажриба тўпланди. Бу ҳақли равишда халқаро миқёсда ҳам эътироф этиляпти. Шу маънода, ташҳисот, даволаш ва муҳофаза қилиш бўйича юртимизда шаклланган тажрибаларни амалга оширсак, касаллик қандай интенсивликда тарқалмасин, асоратларсиз тузалиб кетишига замин яратиш мумкин.
Карантин билан боғлиқ профилактик чоралар бекор бўлгани йўқ. Аммо одамларимиз тиббий ниқоб тақиш, ижтимиой масофа сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби оддий қоидаларга ҳам етарлича амал қилмай қўйгани ачинарли ҳолат.
Янги штаммнинг юртимизга кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишда шундай профилактик чора-тадбирлар жуда муҳим хисобланади", - дейилади изоҳда.






