АсосийJamiyat

БМТ махсус маърузачиси Ички ишлар вазири билан учрашди

'БМТ махсус маърузачиси Ички ишлар вазири билан учрашди'ning rasmi

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, асосий эркинликларини илгари суриш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн хонимни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ички ишлар органлари ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш, моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўналишида БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан ҳамкорлик муносабатлари жадал ривожланиб бораётганлигини ҳар икки томон мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар.

БМТ махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн хоним самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистонда сўнгги йилларда Президент Ш.Мирзиёев бошчилигида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилган ижобий натижаларни алоҳида таъкидлади.

Айниқса, хорижий давлатларда оғир аҳволга тушиб қолган фуқароларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш, жумладан “Меҳр” инсонпарварлик акцияси доирасида амалга оширилган ишларни юқори баҳолаб, бу йўналишдаги ишлар келгусида ҳам изчил давом этишига ишончи комил эканлигини билдирди.

Учрашув давомида БМТ делегацияси аъзоларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди. Томонлар келгусида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида амалий ҳамкорлик ва маслаҳатлашувларни давом эттиришга тайёр эканликларини маълум қилдилар.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар