АсосийJamiyat

35 та туман ва шаҳарда сув таъминоти учун назоратчиларнинг аҳолидан пул ундириш ишлари тўхтатилди

'35 та туман ва шаҳарда сув таъминоти учун назоратчиларнинг аҳолидан пул ундириш ишлари тўхтатилди'ning rasmi

“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан соҳани рақамлаштириш орқали тўлов интизоми ва маданиятини яхшилаш, шунингдек, етказиб берилаётган ичимлик суви ва кўрсатилаётган оқова сув хизматлари учун тўловларнинг шаффофлигини янада ошириш орқали коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида 2021 йил 20 майидан бошлаб пилот лойиҳа тариқасида Тошкент вилоятининг Қибрай ва Тошкент шаҳрининг Олмазор ҳамда Шайхонтоҳур туманларида сув таъминоти корхоналарининг назоратчилари томонидан хизматлар учун аҳолидан пул ундириш ишлари тўхтатилган эди.

Ушбу ҳудудларга бириктирилган назоратчилар фақат белгиланган тартибдаги кузатув ва хатлов ишлари билан шуғулланиб, улар тасарруфидаги тўлов терминаллари ва термопринтерлар бошқа ҳудудларга бириктирилган.

Етказилган ичимлик суви ва кўрсатилган оқова сув хизматларидан келган тушумлар миқдори жорий йил январ-октябр ойларида 1,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 519 млрд. сўм ёки 71 фоизга ошган.

Ушбу ижобий тенденциядан келиб чиқиб, жорий йил август-ноябр ойларида республикамизнинг 32 та туман ва шаҳарларида ҳам ушбу лойиҳа амалда тадбиқ этилган эди.

“Ўзсувтаъминот” АЖ Матбуот хизматининг бизга маълум қилишича, жорий йил 1 декабрдан бошлаб эса бундай тартиб республикамизнинг яна 35 та туман ва шаҳарларида, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Мўйноқ туманларида, Андижон вилоятининг Асака тумани ва Хонобод шаҳрида, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида, Жиззах вилоятининг Зафаробод, Фориш ва Ғаллаоров туманларида, Қашқадарё вилоятининг Қарши ва Деҳқонобод туманларида, Наманган вилоятининг Поп ва Тўрақўрғон туманларида, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Бандихон туманларида, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Қуйичирчиқ туманлари, Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Янги ҳаёт туманларида, Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарлари, Хоразм вилоятининг Шовот ва Тупроққалъа туманларида жорий этилишини маълум қилмоқда.

Ушбу ҳудудларда истеъмол қилинган ичимлик суви ва фойдаланилган оқова сув хизматлари учун сув таъминоти корхоналари назоратчилари тўғридан-тўғри тўлов талаб қилишлари ҳолатларига дуч келсангиз, “Ўзсувтаъминот” АЖ Комплаенс-назорат бўлимининг +998555031055 телефон рақамига ёки stopcorruption@umail.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Ўз навбатида, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишда Сиз қулай ва тезкор бўлган қуйидаги воситалардан фойдаланишингиз мумкинлиги эслатиб ўтамиз:

- Cabinet.uzsuv.uz шахсий кабинет орқали;

- @uzst_bot телеграм-боти орқали;

- Click, Apelsin, Paynet, Upay, Payme, Oson каби электрон тўлов тизимлари ҳамда тўлов инфокиосклари орқали;

- тижорат банклари мобил иловалари орқали;

- тижорат банк кассалари ва шахобчалари ҳамда почта бўлимлари орқали.

 

 

    Бошқа янгиликлар