АсосийJamiyat

Инновацион ривожланиш вазири “Planet Budapest – 2021" Халқаро саммитида иштирок этди

'Инновацион ривожланиш вазири “Planet Budapest – 2021" Халқаро саммитида иштирок этди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов 30 ноябрь куни  Венгрия пойтахти Будапештда ўтаётган "Planet Budapest - 2021» Халқаро анжуманида иштирок этди. Hungexpo кўргазмалар марказида ташкил этилган мазкур халқаро анжуман доирасида ташкил этилган «Барқарор ривожланиш олами» саммитида давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари, давлат идоралари раҳбар ходимлари, халқаро экспертлар, илмий жамоатчилик ва бизнес вакиллари барқарор ривожланиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Саммитни Венгрия, Полша ва Словакия президентлари, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти Бош котиби Матиас Корман табрик нутқлари билан очиб бердилар. Шундан сўнг пандемиядан кейин дунё, иқлим ўзгариши ва циркуляр иқтисодиётга бағишланган учта тематик сессиялар ўз ишини бошлади.

Тадбир доирасидаги «Атроф-муҳит ўзгариши — хавфдан имкониятга» мавзусидаги  панель сессияда И.Абдураҳмонов нутқ билан чиқиш қилди. Вазир атроф-муҳит ўзгариши, соҳада юзага келаётган муаммо ва хавфлар тўғрисида гапириб, Ўзбекистонда экологик муаммоларни енгиб ўтишда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди. Шу билан бирга, юзага келаётган иқлимий хатарларни прогноз қилиш,  юмшатиш ва уларни имкониятга айлантириш масалалари муҳокама этилди.

Вазир 2021 йил 18 майда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисида Махсус резолюция қабул қилингани ҳақида тўхталиб, Ўзбекистонда бугунги кунда Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича 7 та йўналиш белгиланганини гапирди. Ушбу йўналишлар бўйича 65 та устувор инновацион лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб,  улардан айримларга алоҳида тўхталди.

    Бошқа янгиликлар