Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган "Имкон" реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига болалар қабули эълон қилинди.
Мактабгача таълим вазирлигининг қайд этишича, бу ҳисоб бўйича Ўзбекистондаги иккинчи марказдир.
Бундай марказ биринчи бор Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида ташкил этилган.
Таъкидланишича, марказ иккита блокдан иборат:
– 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун (болага қўйилган ташхисга қараб) 10 гуруҳдан иборат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти;
– 18 ёшгача бўлган болалар учун реабилитация маркази.
Мактабгача таълим вазирлиги шуни маълум қилмоқдаки, 2021 йил 3 декабрдан бошлаб ота-оналарга ҳар ҳафтанинг жума куни Тошкент шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармаси биносида ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни танлаш бўйича тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтади.
"Имкон"га қабул қилиш учун фарзандларини имтиҳондан ўтказиш истагида бўлган ота-оналар жума куни соат 09:00 дан 12:00 гача Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, А.Темур кўчаси, 62-уй манзилига таклиф қилинади.






