АсосийЖАМИЯТ

2023 йилда Самарқанд Бутунжаҳон туризм пойтахтига айланади

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) 2023 йилда Самарқанд...

'2023 йилда Самарқанд Бутунжаҳон туризм пойтахтига айланади'ning rasmi

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтган UNWTO’нинг 24 сессияси доирасидаги овоз бериш жараёни натижаларидан келиб чиқиб шу ҳақда маълум қилди.

“Шуниси диққатга сазоворки, тарихда биринчи марта БМТ оиласи таркибига кирувчи ташкилотларнинг Бош ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Буларнинг бари Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатлари, туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда бу орқали мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги нуфузини ошириш йўлидаги саъй ҳаракатлари натижасидир. Таъкидлаш лозимки, UNWTO 25-Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келади. Бундан ташқари, юқори даражадаги тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортиши  шубҳасиз, бу эса охир-оқибат мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга янада кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида хизмат қилади”, - деди Азиз Абдуҳакимов.

Шу ўринда қайд этиладики, Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, халқаро ташкилотлар билан муносабатларини янада кенгайтириш, маданий ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида 30 ноябрь-2 декабрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Испания қироллигига ташрифи ташкил этилган. 

24 сессияда иштирок этган Ўзбекистон  делегацияси таркибидан Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси вакиллари ўрин олган.

Мадрид шаҳрида ўтган тадбир доирасида 2023 йилда UNWTO Бош ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистон ва Португалия даъвогарлик қилган. Якунда эса Ўзбекистон яққол устунлик билан аксарият овоз тўплаб, 2023 йилги Бош ассамблеяни қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишилган.

Таъкидланишича, бугунги кунда Самарқанднинг туристик салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда уни дунё сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш борасида кўплаб ишлар олиб борилмоқда, бу ерда ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда янги замонавий аэропорт ҳамда туризм объектлари бунёд этилмоқда.

Маълумот учун, UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказилувчи энг муҳим туристик форум бўлиб, бундай юқори даражадаги тадбир, яъни БМТ оиласига кирувчи ташкилотлар Бош ассамблеясининг Ўзбекистонда ўтказилиши биринчи тарихий ҳодисадир.

    Бошқа янгиликлар