Бугундан бошлаб “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан юртимизда “Аксилкоррупция ҳафталиги” бошланди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури, БМТ гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Тадбирни ўтказишдан мақсад коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, давлат хизматининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашишнинг илғор механизмларини жорий этиш бўйича миллий ва халқаро тажрибани тақдим этиш, қолаверса, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий ва институционал базани янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
Бугунги сессияда қуйидаги тўртта мавзу муҳокама қилинди:
- “Мамлакатда коррупцияга қарши сиёсатни шакллантириш ва унинг шаклланишида жамоатчиликнинг иштироки”;
- “Очиқлик ва шаффофлик - коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида”;
- “Коррупцияни бартараф этиш бўйича самарали механизм ва чора-тадбирлар”;
- “Коррупцияга қарши курашишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти”.
Тадбирда адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев “Очиқлик ва шаффофлик - коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида” мавзуси бўйича ўз маърузаси билан иштирок этди.
Вазир ўринбосари очиқлик ва шаффофлик бўйича амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди. Хусусан:
Биринчидан: давлат органлари фаолияти тўғрисида фуқароларга очиқ бўлиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари, давлат органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқиш тартиби акс этган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 2022 йилда мазкур Қонун халқаро стандартлардан келиб чиқиб, янги таҳрирда ишлаб чиқилади.
Иккинчидан: ҳисобдорлик ва фуқароларнинг давлат органлари фаолиятига жалб этилиши соҳасида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва ОАВ турли шаклларда давлат органлари фаолияти устидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати мутлақо легаллаштирилди.
Учинчидан: норма ижодкорлиги жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқувчилар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Regulation.gov.uz жамоатчилик муҳокамаси ўтказиш учун жойлаштириш тартиби ўрнатилди.
Тўртинчидан: бюджетнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида “Очиқ бюджет” openbudget.uz ахборот портали ўз фаолиятини бошлади. Давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, Интернет тармоғида очиқ маълумотларни ва бошқа ахборотларни жойлаштириб бориш белгиланган “Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегияси тасдиқланди.
Бешинчидан: барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган 33 та банддан иборат ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланган.
Шунингдек, адлия вазири ўринбосари ўз маърузасида Очиқлик соҳаси бизнесни ҳам четлаб ўтмаслиги лозимлиги, коррупцияга қарши курашиш, пул ювиш мақсадида ноқонуний молиявий тизимлардан фойдаланишнинг олдини олиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш масалалари тадбиркорлик субъектлари учун ҳам долзарб ҳисобланишини таъкидлади.

Бунинг учун тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий эгалари, яъни охирги бенефициарларини аниқлашга ривожланган давлатларда, Евроҳамжамият ва ФАТФ ҳужжатларида сўнгги 5 йилда катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Осиёда биринчилар қаторида Охирги бенефициар мулкдорлар ягона реестрини ишга тушириш устида бош қотирмоқда, ушбу мақсадда Адлия вазирлиги томонидан алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда уни келишиш жараёни кетмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистонда очиқлик масаласига жиддий эътибор қаратилиб келинмоқда. Мамлакат “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, (187 мамлакат) 45-ўринни эгаллагани, бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани муҳим аҳамият касб этгани, таъкидланган.

Кун якунида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича самарали сиёсатни ишлаб чиқиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш ва ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрланади.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими






