АсосийSport

Дзюдо. Спортчиларимиз Осиё чемпионатининг иккинчи кунида 9та олтин медалга эга бўлди

'Дзюдо. Спортчиларимиз Осиё чемпионатининг иккинчи кунида 9та олтин медалга эга бўлди'ning rasmi

Ливан пойтахти Байрут шаҳри мезбонлигида ўтаётган дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг иккинчи кунги баҳслари якунига етди.  

Икки кун давомида қитъамизнинг 16 давлати ўсмир дзюдочилари медаллар учун татамига чиқишди. Қувонарлиси, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бугунги баҳсларда ҳам рақибларидан сезиларли устунликка эришиб, медаллар шодасига эга чиқди.  

Бугунги беллашувларда 11 нафар дзюдочимиз томонидан 10 та медал қўлга киритилди. Бугун Байрутда 4 бор Ўзбекистон мадҳияси янгради. Икки кунлик баҳслар якунига кўра Ўзбекистон 9 та олтин, 5 та кумуш, 5 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллади.  

Қозоғистон терма жамоаси 3 та олтин, 8 та кумуш, 1 та бронза медали билан иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Жанубий Корея 3 та олтин, 1 та кумуш, 7 та бронза медали билан кучли учликка якун ясади. Мўғулистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ливан ва Сурия терма жамоалари ҳисобида камида битта бронза медали бўлди.  

Бугунги беллашувларда Хуршида Раззоқбердиева (-63 кг), Туйгул Ҳамроева (-70 кг), Мелс Содиқов (-81 кг) ва Иброҳим Холбоев (-90 кг) шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, Осиё чемпионига айланишди.

Маржона Нуриллоева (-63 кг), Ширинжон Йўлдошева (+70 кг) кумуш, Аббос Исмоилов (+90 кг), Сарвиноз Ҳусанова (-57 кг), Моҳларойим Тўхтамишева (+70 кг) эса бронза медалига сазовор бўлди. (https://olamsport.com/upload/storage/193750_original.jpg)

Бошқа янгиликлар