Эртага Ўзбекистон кубоги финал учрашувида "Пахтакор" ҳамда "Насаф" ўзаро баҳс юритади. Мазкур ўйиндан олдинги матбуот анжуманида қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар берди.
- Мавсумни “Пахтакор”га қарши ўйин билан бошлаган эдик, буни қарангки, мавсум якунида ҳам айнан ушбу икки жамоа тўқнаш келмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Икки жамоанинг савияси, даражаси буни кўрсатиб турибди. Шундай экан, эртага майдонда шижоат, маҳорат ва кураш кўрамиз.
“Пахтакор” ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. Жамоа таркибида яхши савиядаги футболчилар жам бўлган. Учрашувга руҳий ва жисмоний жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрдик. Ғалаба қозониш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Бу мавсум Суперлига, Ўзбекистон кубоги ва ОФК кубогида 40 га яқин ўйинда майдонга тушдик. Биласиз, мавсум аввалида таркибда ўзгаришлар кўп бўлди ва шу боис олдимизга чемпионлик ёки кубокни қўлга киритиш вазифаси қўйилмаган эди. Шундай бўлсада, кетганларнинг ўрнини ёш футболчилар билан тўлдиришга ҳаракат қилдик, ўз ўйинимизни йўқотмадик. Кўриб турганингиздек, учта фронтда ҳам ёмон натижа қайд этмадик.
Эртага Чераннинг ҳам, Станоевичнинг ҳам йўқ эканлиги бирдек сезилса керак. Кубок доирасида “Сўғдиёна” ва АГМКга қарши баҳслар оралиғида Марко Драганнинг билан учрашиш мақсадида жавоб сўраган эди. Балки, иккала футболчи финалда ўйнамаслик тўғрисида ўзаро келишиб олишгандир (кулади). Улар қалин дўст. Станоевич финалда ўйнашни жуда истаган эди. Иккала жамоа учун бу катта йўқотиш бўлади.
“Пахтакор”га мавсум давомида уч бор мағлуб бўлдик. Биз ўша беллашувларни қайта кўриб чиқиб, таҳлил қилдик. Биз “Пахтакор”га ўйин жиҳатдан енгилмаганмиз, ҳисобда мағлуб бўлганмиз. Эртага ким хато қилса, мағлуб бўлиши муқаррар. Шунинг учун, тартибли ўйин орқали ғалабага эришиш мумкин. Индивидуал ўйин катта аҳамият касб этади. Аммо, ўйлашимча, бу нарса финалда иккинчи планда бўлади.